Жаҳон | 21:29 / 21.09.2024
4259
2 дақиқада ўқилади

TikTok АҚШ санкциялари туфайли Sputnik ва RT аккаунтларини ўчириб ташлади

Бу АҚШ санкциялари туфайли бўлиши мумкин. TikTok аккаунтларнинг блокланишига изоҳ бермади.

Фото: Dado Ruvic

Хитойнинг TikTok видеохостинги Россиянинг Sputnik ва RT International нашрлари аккаунтларини блоклади. RT нашрининг ёзишича, Sputnik International, Sputnik Serbia, Sputnik Afrique, Sputnik Africa, Sputnik Brasil, Sputnik Mundo ва Sputnik Indonesia ҳам ўчирилган.

Ушбу аккаунтларга ўтишга уринганда «Бундай аккаунтларни топиб бўлмаяпти», деган ёзув чиқади. TikTok аккаунтларнинг блокланишига изоҳ бермади.

Сентябр ойи бошида Қўшма Штатлар Sputnik асосчиси сифатида кўрсатилган «Россия сегодня» медиа гуруҳи ва унинг раҳбари Дмитрий Киселевга қарши санкциялар киритган эди. RT ва унинг бош муҳаррири Маргарита Симонян ҳам чекловларга дучор бўлган. 17 сентябр куни RT ва «Россия сегодня» аккаунтлари Instagram, Facebook ва Threads ижтимоий тармоқлари ҳамда WhatsApp мессенжерига эгалик қилувчи Meta корпорацияси томонидан ўчириб ташланди.

АҚШ Давлат департаменти АҚШ, Буюк Британия ва Канада RT каналига қарши дипломатик кампания олиб бораётганини маълум қилди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россия оммавий ахборот воситаларининг блокланишини «қабул қилиб бўлмас» деб атади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид