АҚШда 26 йил олдинги қотиллик учун судланган шахс қатл этилди
Қатл этилган Марселлас Уилямс 1998 йилда, St. Louis Post-Dispatch’нинг собиқ мухбири Фелиция Гейл уйидан 43 маротаба пичоқланган ҳолда топилганидан кейин қўлга олинган.
АҚШнинг Миссури штатида 1998 йилда аёл кишини ўлдирганликда айбланган маҳбус Марселлас Уилямс қатл этилди, деб хабар беради ABC.
Миссури қамоқхонасида 55 ёшли Уилямсга инъекция юборилган. CNN’нинг аниқлик киритишича, инъекция Уилямсга маҳаллий вақт билан соат 18:01 да юборилган бўлиб, соат 18:10 да ўлим ҳолати қайд этилган. Марҳумнинг оиласи қатл жараёнида иштирок этмаган.
Штат Олий суди Уилямснинг қатлини икки маротаба кечиктирган — 2015 йилда экспертиза учун вақт талаб этилиши сабаби билан ҳимоя томонининг талабига кўра ва 2017 йилда Миссури губернаторининг қарори билан. Аммо кейинроқ унинг ўрнига сайланган губернатор Майк Парсон ҳукм ижро этилишини талаб қилди.
«Марселлас Уилямс тирик бўлиши керак эди. Уни ўлим жазосидан халос этадиган қарорларни қабул қилиш учун кўплаб имкониятлар бўлди. Айбсизлик борасида озгина шубҳа бўлса ҳам ўлим жазоси — ҳеч қачон ўлим жазоси варианти бўлмаслиги керак. Бундай якун адолат тамойилларига хизмат қилмайди», — дейди Сент-Луис округи бош прокурори Уэсли Белл.
Парсоннинг ўз навбатида маълум қилишича, «бирорта суд Уилямснинг айбдор эмаслигини исботловчи асосларни топа олмаган».
Марселлас Уилямс 1998 йилда St. Louis Post-Dispatch’нинг собиқ мухбири Фелиция Гейл Cент-Луисдаги уйидан 43 маротаба пичоқланган ҳолда топилганидан кейин қўлга олинган. У икки гувоҳнинг кўрсатмаси асосида ўлимга ҳукм этилган.
Уилямснинг адвокатлари бир неча марта ҳукмни қайта кўриб чиқилишига уринган. 2015 йилда Миссури Олий суди экспертиза ўтказилиши учун қатлни кечиктирган. Экспертизага кўра, Марселласнинг ДНКси Гейл ўлдирилган пичоқдан топилган ДНК билан мос келмайди, аммо суд ўз ҳукмини ўзгартирмаган. Кейинроқ аниқланишича, далилий ашёларни ўрганиш вақтида прокурорлар пичоқни қўлқопсиз ушлаб, унда ўз бармоқ изларини қолдирган.
2024 йилда округ прокурори уэсли Белл ҳам ҳукмни ўзгартиришга уринган. У ашёвий далилларнинг бирортаси Уилямсга боғлиқ эмаслигини таъкидлаб, ҳукм чиқарган суд ҳайъати аъзолари орасида фақат бир нафар қора танли инсон бўлганини билдирган. Суд яна ҳукмни ўз кучида қолдирилган.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024