Жаҳон | 22:41 / 25.09.2024
6235
2 дақиқада ўқилади

Финландия қарзлари сабаб иккита пандани Хитойга қайтариб беради

Пандалар Финландияга 2018 йилда 15 йиллик ижара шартномаси асосида олиб келинган. Уларнинг муддатидан олдин Хитойга қайтариб юборилишига бир қатор сабаблар мавжуд.

Фото: AFP/Getty Images

Финландия 2024 йил охирига қадар Луми ва Пюрю лақабли иккита пандани Хитойга қайтариб юборади. Бу ҳақда Эхтяри ҳайвонот боғи раҳбариятига таяниб, BBC хабар берди.

Ушбу жонзотлар Финландияга 2018 йилда 15 йиллик ижара шартномаси асосида олиб келинган. Уларнинг муддатидан олдин Хитойга қайтариб юборилишига бир қатор сабаблар мавжуд.

Ҳайвонот боғи ўз қарзларини камайтиришни режалаштирмоқда. Хусусан, унинг молиявий ҳолатига инфляция, фоиз ставкаларининг кўтарилиши, коронавирус пандемияси ва туристлар сонининг камайгани таъсир кўрсатган.

Пандалар куз охирига қадар ҳайвонот боғида қолади, кейин эса жўнатиб юборилишдан олдин карантинга олинади.

Финландия Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг маълум қилишича, пандаларнинг қайтариб юборилишига ҳукуматнинг алоқаси йўқ ва бу икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга таъсир кўрсатмайди.

Дунёдаги барча пандалар Хитойга тегишли бўлиб, турли давлатлар уларни ижарага олиши мумкин. Бунинг учун ҳар бир жуфт учун 250 мингдан 1 миллион долларгача тўловни амалга ошириш керак.

Аввалроқ Ҳонгконгда кекса гигант панда илк бор она бўлди, у эгизакларни дунёга келтирган эди. Бу пандачаларнинг дунёга келиши — ноёб ҳодиса, чунки ҳеч бир гигант панда бунчалик кеч она бўлмаган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид