Жаҳон | 20:19 / 28.09.2024
1996
2 дақиқада ўқилади

АҚШ бошчилигидаги коалиция Ироқдаги миссиясини 2025 йилда якунлайди

Вашингтон ва Боғдод бир неча ой давом этган музокаралардан кейин коалиция қўшинларини мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетиш борасида келишувга эришди.

Фото: Global Look Press/Capt. Robyn Haake

АҚШ бошчилигидаги ИШИДга қарши курашаётган халқаро коалиция Ироқдаги миссиясини бир йилдан кейин якунлайди. Вашингтон ва Боғдод бир неча ой давом этган музокаралардан кейин бу борада келишувга эришди. Ироқдаги коалиция қўшинларининг миссияси узоғи билан 2025 йил сентябр охирида якунланади.

Америкалик юқори мартабали вакилнинг сўзларига кўра, томонлар икки босқичли ўтиш режасини келишиб олган. Биринчи босқичда — 2025 йил сентябрга қадар «Ироқнинг маълум базаларидаги» коалиция қўшинлари фаолияти тўхтатилади. Шу билан бирга, Сурияда ИШИДга қарши кураш давом этади — иккинчи босқичда коалиция қўшинларига Сурияда махсус операцияларни ўтказиш учун 2026 йил сентябрга қадар Ироқ ҳудудидан фойдаланишга рухсат берилади.

ИШИДга қарши кураш коалицияси 2014 йилда тузилган эди. АҚШ ва Ироқ коалиция қўшинларини олиб чиқиб кетиш бўйича бир неча ойдан бери музокаралар ўтказиб келади. Қўшма Штатлар ИШИДга қарши миссияси доирасида Ироқда 2,5 мингга яқин аскарини ушлаб турибди. Икки мамлакатнинг қўшма баёнотида кейинчалик қанча америкалик ҳарбий хизматчи қолишига ойдинлик киритилмаган.

Америка вакиллари ҳам Ироқдаги АҚШ контингенти ва базалари сонининг келажаги тўғрисида маълумот бермаган. Ироқ Мудофаа вазирлиги аввалроқ коалиция 2025 йил сентябрга қадар Боғдод ва бошқа туманлардаги базаларини тарк этишини маълум қилганди.

Қўшма Штатлар терроризмга қарши глобал урушнинг бир қисми сифатида 2003 йилда Саддам Ҳусайннинг диктаторлик режимини ағдариш учун Ироққа бостириб кирган. Ироққа қарши қисқа муддатли уруш бир неча ҳафтадан сўнг тугаган, аммо кейин ярим партизан ноҳукумат кучлари билан узоқ давом этган қарама-қаршилик бошланган.

Охир-оқибат 2011 йилда АҚШ ўз қўшинларини Ироқдан олиб чиқиб кетган, бироқ 2014 йилда Ироқнинг катта қисми ИШИД деб аталадиган гуруҳ томонидан босиб олинганида халқаро коалиция бошчилигида қайтишга мажбур бўлганди.

Мавзуга оид