Жаҳон | 00:41 / 29.09.2024
2845
2 дақиқада ўқилади

SpaceX ва NASA Халқаро космик станцияга тўққизинчи Crew Dragon’ни учирди

Экипаж таркибидан россиялик космонавт Александр Горбунов ва америкалик астронавт Ник Хейг ўрин олган.

Фото: Reuters

NASA ва SpaceX Халқаро космик станцияга (ХКС) тўққизинчи Crew Dragon миссиясини учирди. Экипаж таркибидан россиялик космонавт Александр Горбунов ва америкалик астронавт Ник Хейг ўрин олган.

Старт Флоридадаги Канаверал бурнида жойлашган космодромдан 28 сентябр куни соат 01:17 да амалга оширилган. 

Космонавтлар миссия доирасида «Ернинг паст орбитасидан ташқарида космосни инсон томонидан ўрганишга тайёргарлик кўриш ва инсониятга фойда келтириш учун» 200 дан ортиқ илмий тажрибаларни амалга оширади. 

Космик кема 29 сентябр соат 15:30 да ХКС билан туташади. 

Crew Dragon парвози «Роскосмос» ва NASA’нинг ўзаро ҳамкорлигида амалга оширилмоқда — бу борадаги битим 2025 йилгача амал қилади. Дастур доирасида россиялик космонавтларни АҚШда ишлаб чиқарилган ҳаво кемаларида, америкалик астронавтларни эса аксинча — россия ракеталарида учириш кўзда тутилган. 

Мазкур миссияни амалга ошириш август ойига режалаштирилган эди, аммо Boeingʼнинг Starliner экипажини қайтариш ишлари сабаб у кечиктирилди. Starliner 5 июнда учирилди ва эртаси куни кема ХКС билан туташган. Кема бортида астронавтлар Батч Уилмор ва Сунита Уилямс бўлган. Кема ва унинг экипажи 8 кундан кейин Ерга қайтади деб тахмин қилинган эди, бироқ парвоз вақтида двигатель тизимида муаммо юзага келди. Ушбу носозлик туфайли Starliner экипажининг Ерга қайтиши хавфли деб топилди ва улар 7 сентябрга ўтар кечаси Халқаро космик станциядан ажралиб, Ерга муваффақиятли қайтди.

Аввалроқ «Роскосмос» давлат корпорациясининг бошқариладиган «Союз МС-26» космик кемаси автоматик равишда Халқаро космик станциянинг «Рассвет» модулига туташгани тўғрисида хабар берилганди. Транспорт кемаси бортида — «Роскосмос» космонавтлари Алексей Овчинин ва Иван Вагнер, шунингдек, NASA астронавти Доналд Петтит бор.

Мавзуга оид