Жаҳон | 12:10 / 30.09.2024
1572
2 дақиқада ўқилади

АҚШда «Ҳелен» тўфони оқибатида 60 дан ортиқ киши ҳалок бўлди

АҚШ жануби-шарқида юз берган табиий офат камида 63 кишининг ҳаётига зомин бўлди, 3 миллиондан ортиқ уй электрсиз қолди.

Фото: AP / Gerald Herbert

АҚШ Миллий тўфонлар маркази (NHC) маълум қилишича, «Ҳелен» тўфони Қўшма Штатлар жануби-шарқида «ҳалокатли, тарихий сув тошқини»га сабаб бўлди. 29 сентябр, якшанба куни АҚШда содир бўлган табиий офат натижасида, сўнгги маълумотларга кўра, 63 киши ҳалок бўлди. Мамлакатда электр таъминотидаги узилишлар қайд этилувчи Американинг PowerOutage.us портали маълумотларига кўра, уч миллиондан ортиқ хонадон электр энергиясиз қолган.

Флорида, Жоржия, Жанубий Каролина, Теннесси ва бошқа штатлар «Ҳелен» туфайли юзага келган вайронагарчиликдан айниқса жабр кўрган. АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис шундай огоҳлантириш билан чиқди: «Тўфон хавфли ва ҳалокатли бўлиб қолмоқда, қурбонлар ва сув тошқини хавфи ҳамон юқори даражада».

Касалхона томидан 50 кишининг драматик қутқарилиши

Теннесси штатининг Эрвин шаҳрида полиция ва қутқарувчилар шифохона томига чиқиб кетган 50 дан ортиқ одамни вертолёт ёрдамида қутқаришга муваффақ бўлди. Улар қутқарилишидан бир неча соат олдин сенатор Билл Хэгерти АҚШ расмийларини сув билан ўралган одамларга ресурслар етказишга чақирди ва вазиятни «жуда оғир» деб атади.

«Ҳелен» тўфони 26 сентябр куни Флоридага ёпирилди, сўнг қўшни штатларга кўчди. Шамол тезлиги соатига 225 километргача етди ва тўфон тўртинчи тоифага («ўта хавфли») киритилди.

Мавзуга оид