Жаҳон | 16:50 / 01.10.2024
1648
2 дақиқада ўқилади

ГФР ҳукумати бу йил иқтисодий ўсишни кутмаяпти

Германия иқтисодиёт вазирлиги 2024 йил учун расмий прогнозни 9 октябр куни эълон қилади. Bloomberg маълумотларига кўра, расмийлар йил давомида ялпи ички маҳсулот ҳаттоки заиф ўсишини ҳам кутишмаяпти.

Фото: TAСС/IMAGO/Jürgen Ritter

Германия ҳукумати жорий йил учун иқтисодий ўсишни прогноз қилмаяпти. Энг яхши ҳолатда ҳукмрон коалиция турғунликни кутмоқда, деб ёзади Bloomberg 30 сентябр, душанба куни хабардор манбаларга таяниб.

Германия ҳукуматининг амалдаги расмий прогнозига кўра, 2024 йил охиригача ЯИМ ўсиши 0,3 фоизни ташкил этади. Молия вазирлигининг янгиланган ҳисоб-китоби 9 октябрда эълон қилинади. Вазирлик вакили расмий маълумот эълон қилинмагунча изоҳ беришдан бош тортди.

Иқтисодчилар Германия учун иқтисодий прогнозни пасайтирди

Германиянинг етакчи иқтисодий институтлари мамлакатда иқтисодий ўсиш бўйича прогнозларини яна пасайтирди. Жорий йил учун 0,1 фоизлик бир оз ўсиш ўрнига энди ялпи ички маҳсулотнинг 0,1 фоизга бироз пасайиши кутилмоқда, дея хабар беради институтлар 26 сентябр куни иқтисодиёт ҳолатининг қўшма ташхисини тақдим этиб.

2023 йилда ҳам Германия ялпи ички маҳсулоти 0,1 фоизга камайди. Шунинг учун бу йил иқтисодий тикланиш кутилаётгани амалга ошмайди. 2025 йил учун иқтисодчилар заиф ўсишни 0,8 фоизга кутмоқда.

Иқтисодиётдаги чуқур таркибий ўзгаришлар

Берлиндаги Германия иқтисодий тадқиқотлар институти тадқиқотчиси Гералдина Дана-Кнедлик фикрича, бу ҳолат Германия иқтисодиётидаги чуқур таркибий ўзгаришлар билан боғлиқ. «Декарбонизация, рақамлаштириш, демографик ўзгаришлар ва, эҳтимол, Хитой компаниялари томонидан кучайган рақобат немис иқтисодиётининг ўсиш истиқболларини заифлаштирадиган тузилмавий тузатиш жараёнларини ишга туширди», деди у.

Бу ўзгаришлар биринчи навбатда саноатга, айниқса, катта сармояларни талаб қилувчи тармоқларга таъсир қилади. «Уларнинг рақобатбардошлиги энергия нархининг ошиши ва Германия экспортини жаҳон бозорларидан сиқиб чиқараётган Хитойдан келаётган юқори сифатли саноат маҳсулотлари билан рақобат кучайишидан азият чекмоқда», — дейилади баёнотда. Инвестициялар ва истеъмол фаоллигига юқори фоиз ставкалари ва геосиёсий омиллар салбий таъсир кўрсатди, дея қўшимча қилди экспертлар.

Мавзуга оид