Жаҳон | 20:27 / 01.10.2024
3257
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўл компанияси офиси очилди

Мамлакат Вазирлар Маҳкамаси раиси Оқилбек Жапаров темир йўлни «аср қурилиши» деб атади.

Фото: gov.kg

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўл компанияси офиси очилди. Унда мамлакат Вазирлар Маҳкамаси раиси Оқилбек Жапаров иштирок этиб, лойиҳанинг ўта муҳимлигини таъкидлади.

«Биз ушбу лойиҳани юқори баҳолаймиз ва уни аср қурилиши деб атаймиз. Бу Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади», деди у.

Унинг сўзларига кўра, лойиҳанинг амалга оширилиши бутун минтақада, хусусан, Қирғизистон, Хитой ва Ўзбекистонда савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилади.

«Ушбу тарихий воқеага эришиш учун катта ва самарали ишлар қилинди. Аммо шуни таъкидлаш жоизки, бу лойиҳани тўлиқ амалга оширишнинг фақат биринчи босқичидир. Шу билан бирга, Хитой ва ўзбекистонлик ҳамкасбларимизнинг бой тажрибасига таянган ҳолда, биз бу ишни самарали ва ўз вақтида якунлаймиз, деб ишонч билан айта оламиз», деди Оқилбек Жапаров.

«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўллари компанияси» МЧЖ очилишида Хитойнинг Қирғизистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ду Дюен ва Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Махкамов ҳам иштирок этди.

Мавзуга оид