2 октябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Ифлосланиш даражаси ортаётган пойтахт ҳавоси, Самарқанддаги университетда ёнғин, Қорақалпоғистонда бузиб ташланган фермер шолпояси, — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Пойтахт ҳавоси ифлосланиши ортмоқда
Охирги ҳафталарда Тошкент шаҳри ҳавосида заҳарли PM2.5 заррачалари 15 мартагача ошиши кузатилди. Бунга кучсиз шамоллар, ҳарорат инверсияси, атмосфера қатламларининг паст шамоллатилиши, шаҳар транспорти кўплиги, кенг кўламли қурилишлар, яшил ҳудудларнинг камлиги кабилар сабаб бўляпти, деб изоҳ берди Экология вазирлиги.
Бугун, 2 октябр куни 9:00 ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида ҳаво таркибидаги PM2.5 заррачаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тасдиқлаган меъёрдан 8.4 баробарга кўпайган.
Экология вазирлиги изоҳига кўра, кучсиз шамоллар, ҳарорат инверсияси, атмосфера ҳавосининг турғунлиги каби сабаблар ҳам атмосфера ҳавосининг табиий ифлосланиши учун шароит яратади.
Маълумот учун: Тошкент шаҳрида 638,8 мингдан ортиқ транспорт воситаси мавжуд. Бир кунда пойтахтга ўртача яна 150 мингдан 300 минггача транспорт воситаси кириб келади. Тошкент шаҳрида транспорт воситаларидан атмосфера ҳавосига чиқарилган ифлослантирувчи моддалар миқдори 2021 йилда 212,4 минг тонна, 2022 йилда эса 403 минг тоннани ташкил этган, яъни зарарли ажратмалар 190,6 минг тонна ёки 47,3 фоизга кўпайган.
Самарқанддаги университетда ёнғин
Кеча тунда Самарқанд шаҳри Лолазор кўчасида жойлашган Архитектура-қурилиш университети ҳудудида янгидан қурилаётган (қурилиши тугалланмаган) мажлислар залида ёнғин содир бўлди.
Ҳодиса оқибатида жабрланганлар ёки ҳалок бўлганлар йўқлиги маълум қилинди.
Ёнғин 1 октябр куни соат 23:45 да Самарқанд шаҳар Лолазор кўчасида жойлашган Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ҳудудида содир бўлган ва бу ҳақда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар берилган.
Бошқарма ахборот хизмати хабарига кўра, 6 та ёнғин қутқарув экипажлари жалб қилиниб, воқеа жойига соат 23:54 да етиб борилиб, соат 00:30 да ёнғин тўлиқ бартараф этилган.
Ёнғин натижасида эски қурилиш маҳсулотлари ёниб зарарланган. Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Ҳозирда терговга қадар текшириш ишлари олиб борилиб, ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби аниқланмоқда.
Деҳқоннинг шоли даласи бузиб ташланди
Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманида фермер Мансурбек Йўлдошевнинг 14 гектар етилай деб турган шолиси маҳаллий идоралар истаги билан бузиб ташланди.
26 сентябр куни соат 17:00 атрофида ИИБ ходимлари унинг дала майдонига бир нечта автомашиналарда келиб, хўжалик ишчисининг телефонини олиб қўйиб, ишчини машиналардан бирига ўтқазиб, олиб кетишган.
ИИБ ходимлари ўзлари билан битта “Беларус” ва иккита “New Holland” тракторларини далага бошлаб келиб, 14 гектарда пишиб турган шолини шудгор қилишган.
Деҳқоннинг сўзларига кўра, расмийлар бу ишлари билан унинг асосий даромадини йўқ қилишган.
Ҳолат борасида Кегейли туман ИИБнинг муносабатини сўрадик, айни пайтда изоҳ берилиши кутилмоқда. Экинни бузиш жараёнида бевосита қатнашгани айтилаётган ички ишлар ходимларидан бири эса телефон орқали мулоқотда Kun.uz мухбири эканимни айтишим билан, гўшакни ўчириб қўйди.
Фермер фаолиятини 10 йил олдин бошлаган: қарийб 70 гектар ўнқир-чўнқир ташландиқ ерни олиб, чорвачилик йўналишида фаолиятини йўлга қўйган. Бироқ маҳаллий ҳокимият унинг эгнига пахта ва буғдой “режа”сини ҳам юклаган. Фермернинг чорвачилиги эса “саховат”га айланган.
“Пахтадан фойда олмайман, буғдойдан ҳам. Чунки ҳосилни ўзлари белгилаган олишади. Чорва эса “саховат”га айланди – гўштни ярмаркада арзон нархда сотасан, деб мажбурлашади”, – дейди “Aminboy Sharwa” фермер хўжалиги раиси.
Оилавий зўравонликдан жабрланганлар эҳтиёжмандлар тоифасида
Президент имзолаган қонун билан “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Энди оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифасига киритилади ҳамда маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилаётган фуқаролардан ортиқча ҳужжатлар талаб этилишининг олди олинади.
Шунингдек, иш берувчилар томонидан маҳаллий меҳнат органларига бўш (вакант) иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни, ходимларнинг ишдан бўлғуси озод этилиши ҳақидаги ахборотни ҳар ойда электрон тарзда тақдим этиш шартлари белгиланяпти.
Самарқандда “Камаз” 7 та машинани пачоқлади
Самарқанд вилоятида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида еттита машина шикастланган. Ҳодиса 1 октябр куни соат 18:15 лар атрофида Самарқанд шаҳар ҳудудидан ўтувчи М-37А автомобил йўлида содир бўлган.
Тиркама билан ҳаракатланаётган “Камаз” юк машинасининг тормоз қисмида носозлик юзага келган ва у ўзи билан бир йўналишда келаётган еттита машинанинг ортидан уриб, шикаст етказган.
Қайд этилишича, ҳодиса туфайли ҳеч ким тан жароҳати олмаган ва вафот этмаган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ички ишлар органлари томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
21:05 / 19.11.2024
19 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
19:10 / 18.11.2024
18 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
19:45 / 15.11.2024
15 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар
21:12 / 14.11.2024