Ўзбекистон | 00:28 / 02.10.2024
32883
3 дақиқада ўқилади

Аграр университетдаги йирик ёнғин ҳақида яна нималар маълум?

30 сентябр куни Тошкент Давлат Аграр университети ҳудудида йирик ёнғин содир бўлди. Kun.uz мухбири алангада қолган бинолар олдида бўлиб, фалокат кўлами билан танишди. Гувоҳларнинг сўзлари ва мавжуд тасвирлар ёнғин қуёш панеллари ўрнатилган томда бошланганига ишора қилмоқда. 2 та бино бутунлай ёниб кетган, яна иккитасига жиддий шикаст етган.

30 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган Тошкент давлат аграр университети ҳудудида йирик ёнғин содир бўлганди. Тармоқларда тарқалган видеоларда ёнғин 9 қаватли ўқув биносини қамраб олгани, яқин атрофдаги биноларга ҳам ўтгани акс этган.

Ёнғинни ўчиришга 15 дан ортиқ қутқарув экипажи жалб қилинган. Университет жойлашган кўчада автомобиллар ҳаракати чекланиб, аҳолидан иложи борича бинодан узоқроқ бўлиш сўралган.

Икки соат давом этган ёнғинни ўчириш операциясига фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошевнинг ўзи воқеа жойида раҳбарлик қилган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар тўғрисида маълумот келиб тушмаган.

Ёнғин ҳақида яна нималар маълум?

Гувоҳларнинг сўзлари ва мавжуд тасвирлар ёнғин қуёш панеллари ўрнатилган томда бошланганига ишора қилмоқда. Ҳудуди 28 гектар майдон бўлган университетдаги 2 та бино бутунлай ёниб кетган, яна иккитасига жиддий шикаст етган. Ёнғин университет биноларига жиддий зарар етказган. Бу бинолар эса ўқув бинолари бўлган.

Ҳозирда мутахассислар гуруҳи воқеа жойида иш олиб бормоқда. Ёнғин келиб чиқиш сабаблари, ёнғин асли қаердан бошлангани, етказилган зиён, асл ҳолат ўрганилмоқда.

Эътиборлиси, ёнғиндан сўнг университетнинг расмий телеграм каналида университет 28 гектар майдонни эгаллагани, унинг ҳудудида бир қанча ташкилот ва идоралар, жумладан, Экология вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги биноси ҳам жойлашгани, кечаги ёнғин эса Агентлик биносининг том қисмидан бошлангани айтилган пост пайдо бўлди.

Ушбу пост бироз вақтдан кейин университет Телеграм-каналидан ўчирилди.

Ўз навбатида, Ўрмон хўжалиги агентлиги ёнғин агентлик биносида содир бўлганини рад этди. Агентлик биноси катта талафот кўрмагани, ёнғин чиққан университет биноларига эса бирмунча зиён етказилгани қайд этилган.

Университет матбуот хизматининг қўшимча қилишича, университет ҳудудидаги 43 та бинонинг 2 тасига талафот етган.

“Шунингдек, ҳозирда ишчи гуруҳ, университет масъуллари томонидан талабаларнинг дарс машғулотларини қолдирмаган ҳолда ўқиш жараёнларини давом эттириши учун барча шарт-шароитларни ташкил этиш юзасидан чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат талабаларнинг ўқиш жараёнларига таъсир кўрсатмайди, режа-жадвал асосида ўқиш жараёнлари давом этади” — дейилган хабарда.

 

Мавзуга оид