Жаҳон | 21:27 / 03.10.2024
16770
7 дақиқада ўқилади

“Толибон” Ваҳан коридорини очмоқчи. Бу қанчалик реал?

Эрон Ҳиротга темирйўл қурмоқда, Туркманистон TAPI лойиҳасига қайтган. Айни пайтда, “Толибон” қўшниси Хитойга бевосита чиқиш учун Ваҳан коридорини ишга туширмоқчи. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида таҳлилчилар Анвар Йўлдошев Наргиза Умарова Афғонистондаги геоиқтисодий лойиҳалар ва минтақавий транзит рақобати ҳақида сўз юритди.

Наргиза Умарованинг сўзларига кўра, ҳозирда Афғонистоннинг ичкарисигача кирган ягона темирйўл бу – Ўзбекистон томонидан қурилган Термиз – Мозори-Шариф темирйўли ҳисобланади. Бу темирйўл Афғонистоннинг ташқи савдосида муҳим ўринга эга. Ўзбекистон бундан нафақат ўзаро савдо орқали, балки транзит мамлакат сифатида ҳам фойда кўрмоқда.

Умарованинг қайд этишича, Эроннинг Ҳаф шаҳридан Ҳиротга темирйўл қурилишининг тўртинчи босқичи давом этяпти. Россия билан ҳамкорликдаги бу лойиҳа келаси йилдан ишга тушиши режалаштириляпти. Шунингдек, Туркманистон толиблар билан охирги йилларда фаол алоқа ўрнатмоқда. Туркманистон – Афғонистон – Покистон – Ҳиндистон (TAPI) газ қувурлари коридорини рўёбга чиқариш ишлари жонланиб қолган. Қозоғистон эса, Афғонистон билан умумий чегарага эга бўлмаса ҳам, МО давлатлари орасида Кобул билан энг юқори савдо ҳажмига эга давлат, дейди таҳлилчи.

Анвар Йўлдошевнинг сўзларига кўра, жанубий қўшнимиз билан ҳамкорликка энг кўп қизиқиш билдираётган давлатлардан бири – Хитой. Пекиннинг Афғонистонга инвестициялари ҳажми ортиб бормоқда. Хитойнинг Gochin компанияси Афғонистондаги катта литий конларини ўзлаштириш мақсадида 10 млрд доллар инвестиция киритишни таклиф қилган. Литий бугунги кунда электромобиллар учун аккумуляторлар ишлаб чиқаришда зарур элемент ҳисобланади. Бу сармоя Афғонистоннинг табиий бойликларидан фойдаланиш орқали Хитойнинг минтақадаги таъсирини кенгайтириш стратегиясининг бир қисми сифатида кўрилмоқда.

Сўнгги вақтларда Афғонистон ва Хитойни бевосита боғловчи Ваҳан коридорини ишга солиш масаласи кун тартибига чиқмоқда. Афғонистоннинг Бадаҳшон вилоятидаги бу тоғли ҳудудда ҳозирча замонавий автомобил йўллари ҳам йўқ: у ердаги қишлоқларга от ёки эшак каби уловда боришади. Шу билан бирга, ҳудудга йўл ўтказиш учун шағал ётқизиш ишлари бошлаб юборилган.

“Ваҳан коридори – Афғонистоннинг шимоли шарқидаги, энига 50-57 км, узунлиги 300 км ҳудуд. Тоғли жой, етиб бориш жуда қийин. Бир пайтлар Буюк ипак йўлининг энг қийин қисми бўлган. Европаликлардан биринчи бўлиб Марко Поло ўтган. Бу – Хитойдан бошланиб, Эрон, Туркия орқали Европагача борадиган йўл. Лекин бундай рельефли ҳудудда йўл қуриш жуда ҳам мураккаб бўлади”, – дейди Анвар Йўлдошев.

Наргиза Умарова кўзда тутилаётган бу коридор нафақат Хитой ва Афғонистон, балки Тожикистон ва Покистон манфаатларини ҳам туташтирувчи нуқта эканини айтади.

“Ҳозирги кунда Ваҳан мавзусини кўтараётган “Толибон” ҳукумати уни жиддий халқаро маршрутга айлантирмоқчи. Бу коридорни очиш масаласи 2009 йил Хитой томонидан таклиф қилинди, лекин бунинг коридорнинг очилишини сусайтирувчи омиллардан бири ҳам айнан Хитойнинг ўзи бўлиши мумкин. Чунки “Бир камар, бир йўл” ташаббуслари доирасидаги энг йирик, энг қиммат лойиҳа бўлмиш Хитой–Покистон иқтисодий коридори мавжуд бор. Ваҳан коридорининг очилиши бу лойиҳага жиддий зарба бўлади.

Хитой кўплаб давлатларни Хитой–Покистон иқтисодий коридорига жалб қилишга ҳаракат қиляпти. Бу лойиҳага Ўзбекистон деярли қўшилди. Негаки биз энг кўп умид қилаётган трансафғон темирйўли айнан мана шу лойиҳага боғланади: Термиз–Мозори-Шариф–Кобул–Пешовар маршрутидан кейин Покистоннинг автомобил ва темирйўллари фойдаланган ҳолда анъанавий Карачи ва нисбатан янги Гвадар портларига чиқамиз. Бу йўлдан нафақат Ўзбекистон, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ҳам фойдаланади.

Келгусида Афғонистон Ваҳан коридори орқали бевосита Хитойга чиқа олса, ташқи савдода Покистон транзитига боғлиқлигини сезиларли камайтиради. “Толибон” ҳукуматининг мақсади ҳам шу. Афғонистон ва Хитой ўртасидаги савдо муносабатлари жуда ҳам интенсив ривожланяпти: Афғонистон томони маълумотларига кўра, 2023 йилги ўзаро савдо 1,3 млрд долларга етган. Хитой – Афғонистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан бири”, – дейди Умарова.

Унинг айтишича, Хитой ҳукумати 2009 йилдан бошланган дастлабки ўрганишлари натижасида, Ваҳан коридорининг рельефи жуда мураккаблиги, ҳудуд денгиз сатҳидан деярли 5 минг метр баландликда жойлашгани, у ерда транзитни ташкил этиш жуда қимматга тушиши сабабли лойиҳани амалга ошириш мақсадга мувофиқ эмас, деган хулосага келган.

Қолаверса, Хитой томони хавфсизлик факторини ҳам инобатга олади. Уйғур сепаратизми, Афғонистонда сақланиб қолаётган террорчилик гуруҳлари шулар жумласидан.

Шу тариқа, Наргиза Умарованинг айтишича, Хитой Ваҳан коридорини ишга солишда учта тўсиқни кўрмоқда: асосий лойиҳа сифатида катта сармоя киритилаётган Хитой–Покистон йўлаги, ноқулай рельеф туфайли харажатларнинг катта бўлиши ва хавфсизлик омили.

Лекин бу коридор очилишидан манфаатдор бошқа томонлар ҳам бор, масалан Эрон ва Тожикистон. “Тожикистоннинг Афғонистонга нисбатан позицияси юмшаса ва Ваҳан бўйича ташаббус билдирса, бу Тожикистоннинг Марказий Осиё транзит тизимидаги ўрни кескин ошади. Бу қайсидир маънода биз учун рақобат, чунки муқобил транспорт маршрути пайдо бўлади. Тасаввур қилинг, Тожикистон Хитойга тўғридан тўғри чиқа олса, ёки Афғонистон Хитойга тўғридан тўғри чиқа олса,А ҳозирги кунда Марказий Осиё орқали, жумладан Қозоғистон, Ўзбекистон ёки Туркманистон орқали ўтадиган барча транзит маршрутларига рақобат пайдо бўлади.

Шу кеча-кундузда Ваҳан коридори – амалга ошиши энг суст бўлган лойиҳалардан бири. Лекин ишонаманки, Хитой Ваҳан масаласида сукут сақлаб турибди. “Толибон” делегацияси бир неча марта Хитойга таклиф этилганида, улар кун тартибига киритишни истаган асосий масалалардан бири – Ваҳан коридори бўлди”, – дейди Наргиза Умарова

Суҳбат давомида таҳлилчилар Туркманистон–Афғонистон–Покистон–Ҳиндистон газ қувурлари лойиҳаси (TAPI) ҳамда Афғонистондаги халқаро лойиҳаларнинг хавфсизлиги масалаларига ҳам тўхталиб ўтишди.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид