Жаҳон | 20:55 / 03.10.2024
805
2 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия Венгрия устидан Европа судига даъво киритди

Европа комиссияси Венгрияда қабул қилинган «Суверенитет ҳимояси тўғрисида»ги қонун ЕИ қонунчилигини бузаётганини таъкидламоқда.

Фото: ZUMA Press

Европа комиссияси Венгрияда қабул қилинган «Суверенитет ҳимояси тўғрисида»ги қонун ЕИ қонунчилигини бузаётгани туфайли Люксембургдаги Европа судига шикоят қилди.

Жорий йилнинг февралида Еврокомиссия (ЕК) Венгрияга мазкур қонундан хавотирда эканини билдирган ҳолда расмий огоҳлантириш юборган. ЕК мамлакат қайтарган жавобни қониқарсиз дея топиб, майда Будапештдаги расмийларга ушбу қонун «Европа Иттифоқи қонунчилигида мустаҳкамланган асосий ҳуқуқларни бузаётганини» билдириб, яна эътирозини йўллаган.

«Венгрия ҳукуматининг комиссияга қайтарган жавоби яхшилаб баҳолаб чиқилганидан кейин маълум бўлдики, аксарият аниқланган шикоятлар ҳамон кўриб чиқилмаган», — дейилади Еврокомиссия хабарида.

Ўз навбатида Венгрия суверенитет ҳимояси тўғрисидаги қонун Европа Иттифоқи қонунларига зид эмаслигини ва Еврокомиссиянинг хавотирлари асоссиз эканини маълум қилган.

Венгрия парламенти томонидан 2023 йил декабрда қабул қилинган «Миллий суверенитетни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун махсус орган — Венгрия сайловларига чет эл таъсирини ва мамлакат суверенитетига ҳужумларнинг олдини олишга қаратилган Суверенитетни ҳимоя қилиш бошқармасини ташкил этишни назарда тутади. Сайловолди кампаниясини молиялаштиришда чет элдан маблағ олганлик учун 3 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланган.

Мавзуга оид