Иқтисодиёт | 21:09 / 04.10.2024
4234
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг давлат қарзи илк бор 35 трлн доллардан ошди

Ўсиб бораётган давлат қарзига хизмат кўрсатиш таълим, тадқиқот ва инфратузилма каби соҳаларда АҚШ иқтисодий ўсишини таъминловчи муҳим давлат инвестицияларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Фото: Bloomberg

АҚШ Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатнинг давлат қарзи 35,677 миллиард доллардан ошди, деб хабар беради Fox Business.

«Иқтисодчилар Конгресс ва Оқ уй томонидан сарф-харажатлар кескин суръатларда ошиб кетаётгани ҳақида огоҳлантираётган бир пайтда, федерал қарз даражасининг прогнози ижобий эмас», — дейилади хабарда.

Конгресснинг Бюджет бошқармаси маълумотларида қайд этилишича, келгуси ўн йил ичида давлат қарзи 54 триллион долларгача кўтарилади — бу аҳолининг қариши ва федерал соғлиқни сақлаш харажатларининг қисқариши натижасидир.

Экспертларнинг фикрича, мазкур прогнозлар амалга ошса, Американинг иқтисодиёти хавф остида қолади. «Ҳар йили оладиган даромадингиздан триллионлаб доллар ортиқча маблағ сарфлаб, бирор салбий оқибатни кутмаслик мумкин эмас», — дейди Флорида Марказий университети иқтисодчиси Шон Снайт.

Бошқа бир хавотирли сигнал бу охирги 1,5 йил ичида фоиз ставкаларининг кескин ошиши бўлиб, давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатларининг ошишига олиб келди. Тўловлар қарийб уч баробарга ошади — 2022 молиявий йилда 475 миллиард доллардан ташкил этган бўлса 2032 йилга бориб 1,4 триллион долларгача чиқади. Бундан ташқари, 2053 йилда фоизли тўловлар 5,4 триллион долларгача ошади. Таққослаш учун, АҚШнинг «Medicare», «Medicaid» ижтимоий таъминот ва бошқа мажбурий тўловлари учун кетадиган харажатлардан ошиб кетади.

Экспертларнинг баҳолашича, ўсиб бораётган давлат қарзига хизмат кўрсатиш таълим, тадқиқот ва инфратузилма каби соҳаларда АҚШ иқтисодий ўсишини таъминловчи муҳим давлат инвестицияларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Pew тадқиқот маркази томонидан 2023 йилда эълон қилинган сўровларда америкаликларнинг 57 фоизи президент ва Конгресснинг асосий устувор вазифаси бюджет дефицитини қисқартириш бўлиши кераклигини маълум қилган.

Мавзуга оид