Жаҳон | 21:50 / 04.10.2024
11963
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко: президент вертолётига ҳужум урушга олиб келади

Беларус президенти вертолётининг парвози чоғида дронлар кузатилгани таъкидланди.

Фото: Беларусь сегодня

Беларус президенти Александр Лукашенко Пинск областига вертолётда сафар қилди. Унинг сўзларига кўра, парвоз чоғида Беларус ҳаво ҳудудида учувчисиз самолётлар кузатилган. Бироқ, Лукашенко бундан хавотир олмаганини айтди.

«Бу менинг муаммоларим эмас, бу хавфсизлик хизматининг муаммолари. Улар дронлар қаерга учиши ва президент вертолёти қаерга учиши кераклигини кузатади. Мен бунга шундай муносабат билдираман», деди Александр Лукашенко, аммо дронлар қайси давлатга тегишли эканига аниқлик киритмади.

Беларус президентининг қўшимча қилишича, унинг Пинск областига парвози бир соатга кечиктирилган, бироқ бунга об-ҳаво шароити сабаб бўлган. У дронлар ғайриоддий тарзда паст учганини таъкидлаб, парвозга халақит бермаганини айтди.

«Мен бундан унчалик ташвишланмайман. Кейин биласизми, президент вертолётини уриб тушириш — бу уруш. Бу украиналикларга керак эмас», деди у.

5 сентябрга ўтар кечаси Беларус Мудофаа вазирлиги мамлакат ҳаво ҳудудида бир нечта учувчисиз самолётлар борлиги ҳақида хабар берди. Барча дронлар уриб туширилди. Улардан бирининг қулаши Гомелдаги ғишт омборида ёнғинга олиб келди. Ҳеч ким жабрланмади. Вазирлик уриб туширилган учувчисиз самолётлар қайси давлатга тегишли эканлигини аниқламади. Август ойида Александр Лукашенко Украина Қуролли кучларининг бир неча дронлари мамлакат осмонида уриб туширилганини айтган эди. У Украина расмийларини провокация ва келишувларни бузишда айблади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид