Жаҳон | 11:10 / 05.10.2024
3525
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Ямандаги ҳусийчилар нишонларига ракета зарбалари берди

Зарбалар Америка ҳарбий самолётлари ва кемаларидан берилган. Нишонлардан бири Қизил денгиз соҳилидаги Ходейда шаҳрида аэродром бўлди.

Фото: Getty images

Қўшма Штатлар 4 октябр, жума куни Ямандаги эронпараст «Ансор Аллоҳ» гуруҳининг ҳусийчи жангчилари назорати остидаги бир қатор нишонларга ракета зарбалари берди. Аввалига Америка қўмондонлигидан бу ҳақда ҳеч қандай расмий хабар йўқ эди, бироқ ҳусийчилар томонидан назорат қилинадиган Яман ОАВ хабарлари анонимлик шарти билан АҚШ маъмурияти вакили томонидан тасдиқланган.

Ушбу хабарларга кўра, ҳужумлар Америка ҳарбий самолётлари ва кемаларидан амалга оширилган. Нишонлар орасида Қизил денгиз соҳилидаги Ходейда шаҳри аэродроми ва ҳарбий база бор эди. Ҳусийчилар назорати остидаги пойтахт Сано, шунингдек, Дҳамар шаҳрида бир нечта нишонга зарба берилди.

Яманнинг «Ал-Масираҳ» телеканали Британия қўшинлари америкаликлар билан бирга зарбалар берганини даъво қилган, бироқ Британия ҳукуматидаги манбалар буни рад этмоқда. Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар ҳақида маълумот йўқ.

РФ ҳусийчилар билан уларга ракеталар етказиш бўйича яширин музокара олиб бормоқда - Reuters 

Россия Эрон воситачилигида Яманнинг ҳусийчи исёнчилари билан П-800 «Оникс» (экспорт версиясида «Яхонт») кемаларга қарши қанотли ракеталарини етказиб бериш бўйича яширин музокаралар олиб бормоқда, деб хабар берди Reuters 24 сентябр куни ғарбдаги ва минтақавий манбаларга таяниб. 

Агентлик суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, музокаралар май ойи охирида вертолёт қулашида ҳалок бўлган Эроннинг собиқ президенти Иброҳим Раисий даврида бошланган. Икки минтақавий расмийнинг айтишича, Россия ва ҳусийчилар вакиллари Теҳронда бу йил камида икки марта учрашган, келгуси ҳафталарда яна кўп учрашувлар бўлиши кутилмоқда. Бироқ, Reuters манбаларига кўра, Россия ракеталарни ҳусийчиларга топшириш бўйича қарор қабул қилгани йўқ.

«Эронликлар бу музокараларда воситачилик қилмоқда, бироқ уларга қўшилишни истамаяпти», деди ғарб разведкасидаги манба Reuters агентлигига.

Мавзуга оид