Жаҳон | 11:20
2479
3 дақиқада ўқилади

Нидерландия мудофаа вазири F-16 дастлабки партиясини Киевга топширди

Қолган F-16 қирувчи самолётлари яқин ойларда Киевга тақдим этилади, деди Рубен Брекелманс Харкивга борганидан кейин. Киевда у дронларга сармоя киритилишини эълон қилди.

Фото: Valentyn Ogirenko/REUTERS

Нидерландия мудофаа вазири Рубен Брекелманс F-16 қирувчиларининг биринчи партияси Украинага топширилганини маълум қилди. «Биринчи марта нидерландларнинг дастлабки F-16 самолётлари Украинага етказилганини эълон қилишим мумкин», — деб ёзди у 6 октябр, якшанба куни Харкив ва Киевга эълон қилинмаган ташрифидан сўнг X ижтимоий тармоғида.

Унга кўра, Украина қуролли кучларига зудлик билан самолётлар керак. «Харкивда мен Россия авиазарбаларидан етказилган зарарни кўрдим ва ҳаво тревогаси сигналларини эшитдим», деб тушунтирди вазир. Шунингдек, у қолган 24 та самолёт яқин ойларда топширилишини айтди. 5 октябр куни Харкивга ташриф буюрган Брекелманс бу шаҳарни ҳимоя қилишнинг ягона йўли Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга зарба бериш эканлигини айтди.

Нидерландия Украина билан биргаликда дронлар ишлаб чиқишга сармоя киритади

Киевда Брекелманс Нидерландия Украина билан биргаликда илғор дронларни яратишга 400 миллион евро сармоя киритишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, дронлар бўйича ҳаракат режаси жанг майдонида қўлланадиган технологияларни яхшилаш бўйича Украина инновациялари ва нидерланд ноу-ҳаусини бирлаштиради.

«Биз ҳар хил турдаги дронларга эътибор қаратамиз — ҳам разведка, ҳам мудофаа, шунингдек, ҳужумкорларига, чунки биз Украинага ҳарбий нишонларни йўқ қилиш учун ҳам ушбу учувчисиз учоқлар кераклигини кўриб турибмиз», — дея унинг сўзларини келтиради Reuters агентлиги.

Умеров: самарали музокаралар

Ўз навбатида, Украина мудофаа вазири Рустем Умеров нидерланд делегацияси билан самарали музокаралар олиб борилганини маълум қилди. «Россия агрессиясидан ҳимоя қилиш учун Нидерландия томонидан кўрсатилаётган ҳар томонлама ёрдам учун чин дилдан миннатдорман», — деб ёзади у.

Умеровнинг сўзларига кўра, томонлар авиация коалицияси доирасида, жумладан экипажларни тайёрлаш ва қурол-яроғ, шунингдек, самолётлар учун эҳтиёт қисмлар етказиб бериш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олган.

Россиянинг кенг кўламли ҳужуми бошланганидан бери Нидерландия Украинага умумий қиймати 10 миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олди, шундан 4 миллиард евро сарфлаб бўлинди.

Мавзуга оид