АҚШда резавор мевалар етиштирувчи вертикал ферма ташкил этилди
Фермада қулупнайлар вертикал шаклда ўстирилади. Бу усул анъанавий деҳқончиликка қараганда 97 фоиз камроқ ер ва 90 фоизгача камроқ сув талаб этади.
Plenty Richmond фермаси АҚШнинг Ричмонд шаҳрида жойлашган. Унинг асосчилари бу фермани “ёпиқ биноларда вертикал деҳқончилик усули орқали катта миқёсда резавор мевалар етиштирадиган дунёдаги биринчи ферма” деб таърифлашмоқда. New Atlas нашри хабар беришича, бу лойиҳа халқаро олимлар гуруҳи томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Фермада тахминан 1,8 миллион килограмм қулупнай етиштириш мумкин. Бунда, мевалар ётиқ эмас, балки тик шаклда ўстирилади — улар 30 метр баландликдаги минораларнинг ичига жойлаштирилган. Ферма қулупнайларни Driscoll’s компанияси учун етиштирмоқда. Бу маҳсулот 2025 йилнинг бошларида озиқ-овқат дўконлари пештахталарида пайдо бўлади.
Илгари тижорат мақсадидаги вертикал деҳқончилик асосан салат учун ўсимликлар етиштириш билангина чекланарди. Plenty Richmond компаниясининг янги технологик ютуқлари туфайли вертикал усулда ўстириш мумкин бўлган экинлар доираси кенгайди.
Қулупнай ҳарорат, ёруғлик ва намлик назорати остидаги 12 та хонага жойлаштирилган. Чангланиш жараёни асаларилар билан чангланишга нисбатан самаралироқ бўлиши учун махсус лойиҳалаштирилган. Компаниядагиларнинг фикрича, бундай ечим меваларнинг бир хил ўлчамда бўлиши эҳтимолини оширади ва чиқиндиларни камайтиради.
Биринчи вертикал ферманинг очилиши вертикал деҳқончиликнинг афзалликлари бўйича кўп йиллик илмий тадқиқотлар чўққиси бўлди. Унда Квинсленд университети, Маккуори университети, Вагенинген университети, Флорида университети, Баск давлати университети, CAS ўсимликлар бўйича молекуляр фанлар илғор тажриба маркази, Шанхай ўсимликлар физиологияси ва экологияси институти олимларидан иборат халқаро жамоа иштирок этди.
Ричмонддаги фермада анъанавий деҳқончиликка қараганда 97 фоиз камроқ ер ва 90 фоизгача камроқ сув ишлатилади. Пестицидлардан фойдаланиш истисно қилинган, бошқариладиган муҳит ва қисқароқ таъминот занжири эса қишлоқ хўжалиги экинларини патогенлар билан зарарлаш хавфини камайтиради.
Мавзуга оид
21:25
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
11:15 / 21.11.2024