Жаҳон | 12:02 / 09.10.2024
8818
2 дақиқада ўқилади

Павел Дуров Telegram’га 10 та янги функция қўшилишини эълон қилди

Мессенжерда жўнатиб бўлинган хабарларга медиафайллар қўшиш ва хабарларнинг таҳрирланган вақтини кўриш имконияти пайдо бўлади.

Фото: Getty Images

Telegram асосчиси Павел Дуров тез орада мессенжерда 10 та янги функция пайдо бўлишини эълон қилди.

“Телеграм жамоасини яхши кўраман. Кечагина иловамизга 10 та такомиллаштирилган ўзгариш киритиш таклифини киритгандим. Шу куннинг ўзидаёқ эскизлар тайёр бўлди, бугун қўлимизда ушбу янги функцияларни ўзида жамлаган тайёр версиялар мавжуд”, — деб ёзди у Telegram каналида.

Дуровнинг аниқлик киритишича, эндиликда хабар юборилгандан сўнг унга мултимедиа файллари — фото ва видео қўшиш имконияти бўлади. Бунгача фақат юборилган медиафайлни бошқасига алмаштириш мумкин эди, аммо янгисини қўшиш имкони бўлмаган. Иккинчи асосий ўзгаришга кўра, таҳрирланган хабарларнинг таҳрир вақтини кўриш мумкин бўлади.

Қолган бешта янгиланиш мессенжердаги совғаларга, учтаси ҳештегларга тааллуқли экани айтилди.

Ўтган ҳафта мессенжер фойдаланувчилари бир-бирига “совғалар” — хабарга қўшиш мумкин бўлган анимацияли тасвирларни юбориш имкониятига эга бўлганди. Совғани қабул қилган шахс уни ўз профилига қўшиши ёки совға қийматининг бир қисмини “юлдузчалар”га алмаштириши мумкин. Дуровнинг айтишича, кейинчалик буларни токенларга (NFT) айлантириш имконияти яратилади.

Платформада контент бўйича шикоят қилиш учун янги тоифалар ҳам жорий этилган (масалан, “ноқонуний товарлар”, “шахсий маълумотлар”, “муаллифлик ҳуқуқи”, “фирибгарлик ёки спам” кабилар). Шунингдек, iOS тизимида видео суҳбатлар интерфейси янгиланди.

Сентябр ойида Дуров ноқонуний контент устидан шикоят қилиш учун @SearchReport ботини ишга туширганини эълон қилганди. Telegram, шунингдек, “Яқин атрофдаги одамлар” функциясини олиб ташлаб, ўрнига “Яқин атрофдаги бизнеслар”ни қўшишга қарор қилди, унда “қонуний, текширилган компаниялар” кўрсатилади.

Мавзуга оид