Жаҳон | 10:10 / 11.10.2024
1355
2 дақиқада ўқилади

НАТО Европада йиллик ядровий машғулотлар бошланишини эълон қилди

Steadfast Noon машқларида АҚШ ядро қуролларини ер ости омборларидан самолётларга етказиш ва ўрнатиш ишлаб чиқилади. Машқлар Шимолий денгиз узра – Буюк Британия, Белгия ва Нидерландияда бўлиб ўтади.

Фото: John Thys/AFP

НАТОнинг ўз ҳудудини ядровий ҳужумдан ҳимоя қилиш бўйича Steadfast Noon номли йиллик машғулотлари 14 октябрда бошланади. Бу ҳақда 10 октябр, пайшанба куни Лондонда НАТО бош котиби Марк Рютте маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, бу йилги машғулотларга 60 дан ортиқ самолёт жалб этилади. Машқлар Шимолий денгиз узра – Буюк Британия, Белгия ва Нидерландия ҳаво кенгликларида ўтказилади.

«Беқарор дунёда душманлар НАТО ҳар қандай таҳдидга жавоб беришга тайёр ва қодир эканлигини билишлари учун мудофаа кучимизни синаб кўришимиз ва мустаҳкамлашимиз жуда муҳим», — дея тушунтирди Рютте. Шимолий Атлантика алянси таъкидлашича, Steadfast Noon машқлари Россиянинг Украинага қарши тажовузкор урушига реакция эмас, деб ёзади dpa агентлиги.

Машқлар ҳақиқий ядро қуролисиз ўтказилади

Манёврлар сценарийсига оид тафсилотлар хабар қилинмаган. Ҳарбий экспертларнинг фикрича, ҳар йили ўтказиладиган бу машғулотларда АҚШ ядро қуролини ер ости омборларидан самолётларга хавфсиз етказиб бериш ва уларга ўрнатиш синовдан ўтказилади. Бироқ, ўқув парвозлари ҳақиқий қуроллардан фойдаланмасдан амалга оширилмоқда, дея аниқлик киритади dpa.

НАТОнинг ядровий қуролларни биргаликда ишлатиш дастури Европада жойлашган Америка ядровий қуролларини фавқулодда вазиятларда ҳамкор самолётлардан душман нишонларига ташлашни назарда тутади. Расмий тасдиқланмаган маълумотларга кўра, у Италиянинг шимолида, Туркия, Белгия, Нидерландияда, шунингдек Германиянинг Рейнланд-Пфалц федерал еридаги Бюхел базасида сақланади.

Мавзуга оид