Жаҳон | 23:10 / 12.10.2024
4830
2 дақиқада ўқилади

Boeing иш ташлашлар фонида 17 минг иш ўрнини қисқартиради

Қисқарадиган иш ўринлари барча ходимларининг 10 фоизини ташкил этади. Натижада 777Х самолётини етказиб бериш бир йил муддатга кечиктирилади.

Фото: Reuters

Американинг Boeing корпорацияси кенг кўламли иш ташлашлар фонида 17 мингта иш ўрнини қисқартиришга қарор қилди, деб хабар беради Reuters агентлиги. Бу жами ходимларнинг 10 фоизини ташкил этади. 

Қайд этилишича, компания 777Х самолётларининг дастлабки етказиб бериш муддатини бир йилга кечиктиради. Boeing бош директори Келли Ортбергнинг сўзларига кўра, ходимларнинг сезиларли даражада қисқариши «реал молиявий ҳолатга мос келади». Унинг қўшимча қилишича, компания раҳбарияти аъзолари, менежерлар ва оддий ходимлар қисқатиришга тушади. 

Ортбергнинг айтишича, ишлаб чиқаришдаги муаммолар, ёзги синовлар ва иш жараёнининг тўхтаб қолиши туфайли Boeing 777Х самолётлари 2026 йилда етказиб берилиши ҳақида мижозлар хабардор қилган.

Boeingʼда иш ташлашлар бир ойдан бери давом этмоқда. Концерн учинчи чоракда рекорд даражада — 5 миллиард доллар зарар кўради. S&P рейтинг агентлигининг ҳисоб-китобларига кўра, иш ташлаш Boeing компаниясига ойига 1 миллиард доллардан зарар келтиради.

Boeingʼнинг Сиэтл ва Портленддаги 30 мингдан ортиқ ходими ўз маошларининг 40 фоизга оширилишини талаб қилмоқда. Компания меҳнатга тўланадиган ҳақни 25 фоизга ошириш таклифини билдирди, аммо бу рад этилди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид