Ўзбекистон | 20:36 / 12.10.2024
6229
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда Ўзбекистон-Қозоғистон қўшма ҳарбий машғулотлари ўтказилди

Машғулотлар давомида қўпорувчилик ҳаракатларини бостириш ва муҳим стратегик нишонларга кенг кўламли ҳужумнинг олдини олиш алгоритмлари ишлаб чиқилди.

Фото: Қозоғистон Мудофаа вазирлиги

Жиззахда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбийларининг «Ҳамкорлик-2024» қўшма машғулотлари якунланди. Бу ҳақда Қозоғистон Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Жиззах вилоятидаги «Фориш» полигонида ўтказилган машғулотларнинг фаол босқичини Қозоғистон Қуролли Кучлари бош штаб бошлиқлари генерал-лейтенант Султон Камалетдинов ва Ўзбекистон томонидан генерал-майор Шуҳрат Холмуҳамедов кузатди.

Жанговар топшириқларнинг бажарилиши баталйонлар томонидан таъминланди. Уларнинг иши Қозоғистон томонидан майор Мейрам Асилбеков, Ўзбекистон томонидан подполковник Улуғбек Маматов томонидан мувофиқлаштирилди.

Ўқув машғулотларининг биринчи босқичида кичик қуролли гуруҳ тоғ йўллари бўйлаб давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб, маҳаллий аҳоли хонадонларини эгаллади. Жангариларнинг ҳаракатлари диққатни чалғитиш ва бошқа ҳудудларда муваффақиятнинг ривожланиши учун шароит яратишга қаратилган эди.

Иккинчи босқич сценарийсига кўра, сохта душман Қозоғистон ва Ўзбекистон давлат чегаралари яқинида йирик отрядларни тўплаб, уларни босқинга тайёрлади. Икки давлат ҳарбий бўлинмалари бундай таҳдидга жавоб бериш, жумладан, қўпорувчилик ҳаракатларини бостириш ва муҳим стратегик нишонларга кенг кўламли ҳужумнинг олдини олиш алгоритмларини ишлаб чиқди.

Ўқув машғулотлари якунида Қозоғистон ва Ўзбекистон Қуролли Кучлари бош штаблари бошлиқлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган машғулотларга қўшган ҳиссаси ва юқори профессионаллиги учун алоҳида эътибор қаратган ҳарбий хизматчилар тақдирланди.

Мавзуга оид