Жаҳон | 20:56 / 14.10.2024
3021
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Молдова бўйича санкциялар рўйхатини кенгайтирди

ЕИ кенгаши «Молдова Республикасига қарши беқарорлаштирувчи ҳаракатлари» туфайли беш нафар шахс ва битта ташкилотга нисбатан чеклов чораларини қабул қилди.

Фото: Getty Images

Европа Иттифоқи кенгаши 14 октябр куни «Молдова Республикасига қарши беқарорлаштирувчи ҳаракатлари» туфайли беш нафар шахс ва битта ташкилотга нисбатан чеклов чораларини қабул қилди, деб хабар беради Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел.

«ЕИ Молдова халқининг қонуний интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни давом этади. Бугунги санкциялар рўйхати Молдова барқарорлигини таъминлашдаги битта яна бир қадам ҳисобланади», — дейди Боррел.

Шу билан бирга, у Россияни Молдовадаги вазиятни беқарорлаштиришга уринишда айблади. Санкциялар рўйхатидан, шунингдек, «Евразия» нодавлат ташкилоти ва унинг директори ҳамда асосчиси Нелли Парутенко ҳам ўрин олган.

Санкцияга тушганларнинг активлари музлатилади, жисмоний шахсларнинг ЕИга кириши тақиқланади. Бундан ташқари, уларга «бевосита ёки билвосита иқтисодий ресурслар ёки маблағларни тақдим этиш»га тақиқ қўйилган.

Таъкидланишича, «мазкур режим доирасидаги чеклов чоралари ҳозирда жами 16 нафар шахс ва икки ташкилотга нисбатан қўлланмоқда».

Аввалроқ Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларига эгалик қилувчи Meta компанияси Молдованинг рус тилида сўзлашувчи аҳолиси учун мўлжалланган фейк аккаунтлар тармоғини ўчирганини маълум қилганди.

Мавзуга оид