Жаҳон | 13:10 / 17.10.2024
1632
3 дақиқада ўқилади

Байден Киевга 425 млн долларлик ёрдам пакети ҳақида маълум қилди

АҚШ президенти Украина давлати раҳбари билан телефон орқали мулоқот қилди. Байденнинг жамоаси ноябр ойида виртуал «Рамштайн» учрашувини ташкил қилмоқда.

Фото: Украина президенти офиси

АҚШ президенти Жо Байден Украина учун 425 миллион долларлик (391 миллион евро) хавфсизлик ёрдами пакетини эълон қилди. У, жумладан, қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) воситалари, «ҳаво-ер» синфидаги ўқ-дорилар, зирҳли техника ва «тезкор эҳтиёжларни қондириш» учун бошқа қуролларни ўз ичига олган. Бу ҳақда 16 октябр, чоршанба куни Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.

Байден Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди. Америка давлати раҳбари Украина раҳбарига ваколат муддати тугагунга қадар Киевга ёрдамни ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида маълум қилди.

Келгуси ойларда Вашингтон Киевга бир қатор қўшимча жиҳозлар етказиб беради, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига юзлаб тутиб олиш қурилмалари, ўнлаб тактик ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, қўшимча артиллерия тизимлари, катта миқдордаги ўқ-дорилар, юзлаб зирҳли транспорт воситалари ва пиёда жанговар машиналар, минглаб қўшимча зирҳли машиналар.

АҚШнинг Полшадаги янги РҚМ базаси Россия ракеталарини уриб тушира олади

Полша шимолидаги Редзиково шаҳрида жойлашган АҚШнинг Aegis Ashore ракетага қарши мудофаа базаси мамлакат томон йўл олган Россия баллистик ракеталарини уриб тушира олади. Бу ҳақда 12 октябр куни Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский Rebeliant радиостанцияси орқали маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Россия Федерациясининг Украинага қарши тажовузкор уруши фонида концепцияси ўзгарган объект «яқин ҳафталарда» очилади. «Музокаралар давомида мен бу база нафақат АҚШ томон учаётган Эрон ракеталарини, балки Полша томон учаётган Россия ракеталарини ҳам уриб тушира олишига эришдим», деди Сикорский.

The Moscow Times таъкидлаганидек, Редзиководаги база Россия Федерациясининг Калининград области билан чегарадан 165 км узоқликда жойлашган. У радиолокацион станцияга ва учта Mk-41 учириш қурилмасига эга бўлиб, уларнинг ҳар бири Standard Missile 3 синфидаги ракеталарни тутиб олиш учун саккизта контейнер билан жиҳозланган. НАТОга кўра, Aegis Ashore «соф мудофаа характерига эга». Шу мақсадда ракетага қарши мудофаа базаси 2024 йил июл ойида алянс қўмондонлиги ва назоратига ўтказилди, яъни Ракетага қарши мудофаа агентлиги (MDA) директори вазифасини бажарувчи, АҚШ денгиз флоти контр-адмирали Дуглас Уилямснинг сўзларига кўра, «Европа давлатларини манбалари евроатлантик минтақадан ташқарида жойлашган баллистик ракеталар таҳдидидан ҳимоя қилиш учун».

Ўша пайтда НАТО бош котиби лавозимини эгаллаган Йенс Столтенберг тизим тўлиқ ишлай оладиган ҳолатга келтирилди, деб таъкидлади. «Баллистик ракеталар Украина ва Яқин Шарқдаги можароларда кенг қўлланган, биз мудофаа иттифоқи сифатида бу таҳдидни эътиборсиз қолдира олмаймиз», деди Столтенберг.

Мавзуга оид