Жаҳон | 22:44 / 23.10.2024
4909
2 дақиқада ўқилади

«Ҳизбуллоҳ» Ҳасан Насруллоҳ ворисининг ўлимини тасдиқлади

Ҳошим Сафиуддин 4 октябр куни Исроил ҳарбийларининг ҳаво ҳужуми оқибатида ҳалок бўлди.

Фото: AFP

Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ўз ижро кенгаши раҳбари Ҳошим Сафиуддин ўлимини тасдиқлади.

Исроил мудофаа кучлари (IDF) 22 октябр куни унинг ўлдирилганини эълон қилган эди. Оммавий ахборот воситалари уни 27 сентябр куни Исроил ҳужумида ҳалок бўлган «Ҳизбуллоҳ» бош котиби Ҳасан Насруллоҳнинг вориси деб атаган.

«Ҳизбуллоҳ» ўз ижро кенгаши раиси Ҳошим Сафиуддин учун мотам тутади», дейилади баёнотда.

4 октябр куни Исроил ҳарбийларининг ҳаво ҳужуми оқибатида Ҳошим Сафиаддин ҳалок бўлгани ҳақида Al-Arabiya ва Axios телеканаллари хабар берган эди. Тўрт кундан сўнг Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу «Насруллоҳнинг вориси ва унинг ворисининг вориси ҳам йўқ қилинганини» айтди (у исмларни айтмади).

22 октябр куни Исроил ҳарбийлари Ҳошим Сафиуддиннинг «тахминан уч ҳафта олдин» Байрут чеккасидаги «Ҳизбуллоҳ» разведка бошқармасига берилган зарбада ўлдирилгани ҳақида хабар берди.

Ҳошим Сафиаддин Ҳасан Насруллоҳнинг амакиваччаси. У 1994 йилдан буён «Ҳизбуллоҳ» ижро қўмитасини бошқарган. ОАВ хабарларига кўра, 1992 йилдан буён Ливан ҳаракатига раҳбарлик қилган Ҳасан Насруллоҳ 2008 йилда Сафиаддинни ўз вориси этиб тайинлаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид