Ўзбекистон | 17:49 / 23.10.2024
2871
4 дақиқада ўқилади

Сенат янги таҳрирдаги “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонунни маъқуллади

Бундан 31 йил олдин қабул қилинган амалдаги қонунда қайта ўрганиб чиқилиши ва такомиллаштирилиши, қўшимчалар киритилиши лозим бўлган нормалар мавжудлиги аниқланган. Янги таҳрирдаги қонун билан давлат сирларини ҳимоя қилиш соҳасидаги органларнинг ваколатлари, махфийлик даражалари, маълумотларни махфийлаштириш муддатлари, давлат сирларидан фойдаланишга рухсатнома бериш тартиблари белгилаб берилмоқда.

Фото: senat.uz

Сенат ялпи мажлисида янги таҳрирдаги “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров қонундаги ўзгариш ва қўшимчалар ҳақида тўхталиб ўтди.

Маълум қилинишича, бугунги кунда мамлакатда давлат сирларини ҳимоя қилиш 1993 йил 7 майда қабул қилинган “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги қонун асосида тартибга солинади. Мазкур қонун мутахассислар томонидан таҳлил қилинганида, унда қайта ўрганиб чиқилиши ва такомиллаштирилиши, қўшимчалар киритилиши лозим бўлган нормалар мавжудлиги аниқланган.

Хусусан, қонунда давлат сирларини ҳимоя қилиш соҳасида органлар ваколатлари, махфийлик даражалари, маълумотларни махфийлаштириш муддатлари, давлат сирларига рухсат ва ҳуқуқни расмийлаштириш асослари аниқ белгилаб берилмаган. Шу боис, ушбу қонун асосида қабул қилинган қонуности ҳужжатларда давлат сирларидан фойдаланиш ва улар билан ишлаш турлича талқин этилмоқда.

Шунингдек, давлат сирлари билан ишлаш ва уларни ҳимоя қилиш тартиби, махфийлик режимини таъминлаш ва махфий иш юритишни тартибга солиш Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор махфий қарорлари асосида амалга оширилади. Ушбу қарорнинг махфийлиги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқини етарли даражада билмасликларига сабаб бўлмоқда.

Давлат сирлари билан танишиш ва танишишга рухсат бериш тартиби, махфийлаштирилмайдиган маълумотлар тоифалари, давлатлар ўртасида давлат сирларини ўзаро алмашиш тизими ҳам амалдаги қонунда тартибга солинмаган. Бу бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган очиқлик ва ахборот алмашиш сиёсати талабларига жавоб бермаяпти.

Қолаверса, давлат сирларига тегишли маълумотларни махфийлаштириш муддатлари амалдаги қонунчиликда назарда тутилмаган. Оқибатда маънавий эскирган, ноактуал бўлган ҳужжатлар архивларда йиғилиб бориб, уларнинг тақдири ҳал қилинмасдан қолмоқда”, деди маърузасида Толибжон Мадумаров.

Қайд этилишича, бу каби ва бошқа муаммоларни бартараф этиш мақсадида ДХХ томонидан “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилган.

Қонун билан Вазирлар Маҳкамаси, ДХХ ҳамда давлат сирларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг соҳадаги ваколатлари аниқ белгилаб қўйилмоқда. Бугунги кунда амалдаги қонун бўйича фақат ДХХнинг давлат сирларидан фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари белгиланган эди.

Давлат сирларига киритилган маълумотлар тўрт тоифага (ҳарбий соҳадаги, ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий соҳалардаги, разведка, контрразведка, тезкор қидирув фаолияти ва бошқа давлат хавфсизлиги йўналишларига ҳамда иқтисодиёт, таълим, фан ва техника соҳаларига оид) бўлиниб, уларнинг чегараланган рўйхати тасдиқланяпти.

Амалда ушбу рўйхат ҳукуматнинг 1994 йилдаги қарори билан тасдиқланган йўриқномада махфий грифда берилган. Ушбу рўйхатнинг қонун билан очиб берилиши бугунги кунда мамлакатда олиб борилаётган очиқлик сиёсати талабларига мос келади.

Қонунда фуқаролар, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга давлат сирларидан фойдаланишга бўлган рухсатномани расмийлаштириш асослари, давлат сирларидан фойдаланишга рухсатнома беришнинг алоҳида тартиби, фуқароларга давлат сирларидан фойдаланишга рухсатнома беришнинг рад этиш асослари аниқ белгиланмоқда.

Жумладан, давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқи 18 ёшга тўлган шахсларга берилиши, Ўзбекистон фуқароси бўлмаганларга эса рухсатнома халқаро шартномалар ва Ўзбекистон қонунчилиги талабларини бажариш шарти билан берилиши мустаҳкамлаб қўйиляпти”, дея таъкидлади Мадумаров.

Қонунда махфийлаштирилмайдиган маълумотлар рўйхати (фавқулодда вазиятлар, жиноятчилик ҳолати, инсон ҳуқуклари бузилиши ва шу каби бошқа маълумотлар) ва ушбу маълумотларни махфийлаштириш бўйича асоссиз қарор қабул қилинганлик бўйича жавобгарликни белгилаш ҳам назарда тутилган. Шунингдек, фуқаролар шахсий хавфсизлигига таҳдид соладиган ахборотларнинг давлат сирларига киритилиши ман этилиши аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери