Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Венгриядан профессор-ўқитувчилар Ўзбекистонда дарс бериш учун юборилади
Ўзбекистон элчихонаси раҳбарияти "Темпус" жамғармаси бош директори Ричард Бодроги билан учрашув ўтказди.
Музокаралар чоғида Венгрия томони Stipendium Hungaricum дастури бўйича ўзбекистонлик талабаларга Венгрия олий ўқув юртларида таълим олишлари учун йиллик квоталар ажратиш орқали Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, шунингдек, Ўзбекистоннинг ихтисослаштирилган университетлари билан академик ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини билдирди.
Шунингдек, жамғарма раҳбарияти қўшма лойиҳаларни, жумладан, Венгрия университетларидан профессор-ўқитувчиларни Ўзбекистондаги университетларга дарс бериш учун юбориш, қўшма дастурларни ишлаб чиқиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш, "Паннониа" ва "Эразмуз+" халқаро ҳамкорлик дастурлари доирасида узоқ муддатли асосда талабалар алмашинувини йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди.
Жамғарма STEM фанларини ўқитиш учун грантлар ажратишга катта аҳамият беради. Шу муносабат билан Ричард Бодроги ўзбекистонлик талаба ва олимларнинг бу борадаги қўшма дастур ҳамда лойиҳаларда иштирок этиши учун кенг имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.
Венгрия томони билан ҳамкорликнинг амалий қадами сифатида Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакиллари билан қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш борасида онлайн музокаралар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.