Ўзбекистон | 21:17 / 25.10.2024
5888
5 дақиқада ўқилади

Қўнғирот–Бейнеу йўлининг 240 километрлик қисми фойдаланишга топширилди

Шавкат Мирзиёев бу йўл Ўзбекистонни Европа билан боғлайдиган стратегик магистрал эканини таъкидлаб, энди мамлакатда халқаро ташувлар масофаси минг километргача, транспорт харажатлари эса 25 фоизгача камайиши, “А-380” халқаро йўлагининг Ўзбекистондан ўтган қисмида кунлик транспорт қатнови 3 карра ошишини айтди. Тадбирда Тошкент халқаро аэропорти қаршисидаги йўл ўтказгич ҳам тўлиқ очилди.

25 октябр куни Қорақалпоғистонда Қўнғирот–Бейнеу автомобил йўлининг янгидан қурилган 240 километрлик қисми фойдаланишга топширилди. Тошкентда эса халқаро аэропорт қаршисидаги кўприк тўлиқ очилди. Шу муносабат билан президент Шавкат Мирзиёев иштирокида тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Қўнғирот–Бейнеу йўли Ўзбекистонни Европа давлатлари билан боғлайдиган стратегик автомагистралдир. Лекин узоқ йиллик қатновлар, Оролбўйининг кескин континентал иқлими туфайли яроқсиз аҳволга келиб қолганди. Шу боис 2021-2024 йилларда 323 миллион долларлик лойиҳа эвазига замонавий қилиб қайта қурилди.

“Энди мамлакатимиз ҳудудларидан халқаро ташувлар масофаси 1 минг километргача, транспорт харажатлари эса 25 фоизгача камаяди. Бу йўл юртимизни Каспий ва Қора денгиз портлари орқали Европа бозорлари билан ишончли боғлайдиган логистика тармоғига айланади. Яна бир муҳим жиҳати – “А-380” халқаро йўлагининг Ўзбекистондан ўтган қисмида кунлик транспорт қатнови 3 карра ошади”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент матбуот хизмати таъкидига кўра, йўл жаҳон стандартларига ҳар томонлама мос, текис ва равон. Янги йўл атрофида 200 дан зиёд савдо-сервис объекти ва саноат корхонаси пайдо бўлиши кутилмоқда. Шунинг ҳисобидан дастлаб 2 мингта, келгусида эса яна 5 мингта иш ўрни ташкил қилинади. Шу тариқа, Қорақалпоғистонда транзит ва бошқа хизматлар ҳажми йилига 200 млн долларга, Ўзбекистоннинг экспорти эса камида 300 млн долларга ошиши учун замин яратилади.

Ушбу магистрал йўл ўтадиган Тўрткўл, Элликқалъа, Беруний, Нукус, Хўжайли, Шуманай, Қонликўл, Қораўзак ва Қўнғирот туманларидаги 1 миллиондан зиёд аҳоли ҳаёти ўзгаради.

Президент мазкур лойиҳада иштирок этган қурувчи ва ишчиларга, Осиё тараққиёт банкига, Туркия, Озарбайжон ва хитойлик пудратчиларга, Жанубий Корея ва италиялик консултантларга миннатдорлик билдирди.

“Йўл ва кўприк қуриб, одамларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилиш энг савобли ишлар қаторида туради”, – деди давлат раҳбари.

Мазкур 240 километр йўлнинг икки томони – Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот тумани ҳамда “Довуд ота” божхона постида ҳозир бўлганлар телекўприк орқали алоқага чиқди. Президент Шавкат Мирзиёев мамнуният билан йўлнинг очилишига рухсат берди, ушбу қувончли воқеа билан барчани муборакбод этди.

Маросимда давлат идоралари ва жамоатчилик вакиллари ҳам иштирок этди.

Шу ерда Шавкат Мирзиёевга муҳандислик иншоотларини мониторинг қилиш тизими тақдимот қилинди. Унга кўра, кўприкларнинг муайян нуқталарига электрон узатгичлар ўрнатилади. Улар орқали мустаҳкамлик ва хавфсизлик даражаси, ҳозиргидек белгиланган муддатларда эмас, доимий назорат қилиб борилади. Кундалик меъёрдан ўзгариш сезилса, муаммо тезда аниқланиб, вақтида чора кўрилади. Бу кўприкларнинг узоқ вақт яхши сақланишини таъминлайди.

Шунингдек, бу тизим натижасида маблағ тежалади. 20 га яқин қоғоз шаклдаги ҳисоботлар рақамлаштирилади. Мониторинг маълумотлари 30 йилгача сақланади.

Шундай биринчи лойиҳа Тошкент халқаро аэропортига элтувчи, Бобур кўчасидаги янги йўл ўтказгичда қўлланди. Маросимда ушбу транспорт боғламаси ҳам тўлиқ очилди. Унинг умумий узунлиги 702 метр, эни 46 метр. Шунингдек, 2 та айлана ва 4 та ёйсимон “қанот”лар барпо этилиб, Кичик ҳалқа йўли ҳамда Содиқ Толипов кўчалари билан самарали боғланган. Бу қайрилиб олишга ҳожат қолдирмай, автомобиллар ҳаракатини осонлаштирди. Умуман, ушбу транспорт боғламаси 1 соат ичида 5 мингта, бир кеча-кундузда 132 мингта автомобилни ўтказиш қувватига эга бўлди.

Президент бу тизимни аввал пойтахтдаги 114 та кўприкда ва кейинчалик барча кўприкларда татбиқ этиш зарурлигини таъкидлади.

Аввалроқ “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” халқаро автомобил йўлининг бошқа қисмлари таъмирланган эди. Шу йил 29 феврал куни Амударё устида Қорақалпоғистон билан Хоразмни боғлайдиган янги кўприк очилганди.

Расмий релизга кўра, Ўзбекистонда охирги 8 йилда 2 минг километр йўл қайтадан қурилган, 100 минг километри таъмирланган. Янги турдаги полимер-бетон, цемент-бетон қопламалар қўлланиши натижасида йўллардан фойдаланиш муддати 1,5 баробаргача узаймоқда.

Хорижий компаниялар билан ҳамкорликда келгуси йил яна минг километр йўл қуриш бўйича 10 та йирик лойиҳа режалаштирилган.

Мавзуга оид