Жаҳон | 18:59 / 26.10.2024
8444
2 дақиқада ўқилади

Эрон Исроил зарбаларига жавоб қайтариш ҳуқуқидан фойдаланади — ТИВ

Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг ҳаракатларини кескин қоралаб, уларни халқаро ҳуқуқ ва бошқа давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва сиёсий мустақиллигига қарши куч ишлатиш таҳдиди сифатида баҳолади.

Фото: AP

Эрон МТ Низоми ва ўзини мудофаа қилиш қоидаларига таяниб, Исроил зарбаларига жавоб қайтариш ҳуқуқидан фойдаланади.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида таъкидланишича, мамлакат ўзини хориж босқинчилик ҳаракатларидан ҳимоя қилишга мажбур деб билади.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг ҳаракатларини кескин қоралаб, уларни халқаро ҳуқуқ ва бошқа давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва сиёсий мустақиллигига қарши куч ишлатиш таҳдиди сифатида баҳолади ва БМТ Низомининг бузилиши деб атади. Баёнотда, шунингдек, Исроилнинг ҳаракатлари БМТ Низомининг 51-моддасига зид экани, Эроннинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини кафолатлаши таъкидланган.

Баёнотда, шунингдек, АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари Исроилнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлаётганига ишора қилинади, Теҳрон буни Яқин Шарқдаги беқарорлик сабаб деб ҳисоблайди. Эрон вазирлиги Исроил ва унинг ғарбий иттифоқчиларини «Фаластин халқининг геноциди» ва Ливанга қарши тажовуз учун жавобгар деб ҳисоблайди, бу эса минтақадаги тинчлик ва барқарорликка путур етказади.

Эслатиб ўтамиз, 26 октябрга ўтар кечаси Исроил мудофаа кучлари (IDF) ўз давлатига қарши ҳужумларга жавоб чоралари доирасида Эрондаги ҳарбий объектларга зарба берди. ОАВ хабарларига кўра, Исроил Эронга ҳужум қилиш учун 100 дан ортиқ самолётлардан, жумладан F-35 қирувчиларидан фойдаланган.

Кейинроқ Исроил Эронга ҳужум ҳақида расмий баёнот берди ва исроилликлар ўз миссиясини бажарилган деб ҳисоблашини маълум қилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид