Ўзбекистон | 15:45 / 27.10.2024
5453
4 дақиқада ўқилади

"Тошкентдаги сайловчилар тушликка яқин фаоллашади" — Шерзодхон Қудратхўжа

Бугун сайловчилар ўзлари муносиб деб билган номзодга овоз берадиган, сиёсий партиялар эса ҳар бир овоз учун курашадиган кун. Мамлакатда тонгги соат 08:00 сайлов жараёнларига старт берилган. Kun.uz мухбири Юнусобод туманида жойлашган 520-сайлов участкасидаги жараёнлар билан танишди.

Ушбу сайлов участкасидаги илк сайловчилардан бири Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бўлди. У оиласи билан келиб, ўзи танлаган номзодга овоз берди.

Кун ярмига қадар сайловчиларнинг келиб-кетиши бироз пассив ўтди. Мазкур жараённи Марказий сайлов комиссияси аъзоси Шерзодхон Қудратхўжа тошкентликларнинг кеч уйғониши билан изоҳлади:

Йирик шаҳарлар, хусусан, пойтахт аҳолиси бошқа жойларда истиқомат қилувчиларга нисбатан бироз кечроқ уйғонади. Дунёнинг барча мегаполисларида ўтказилган сайловларда ҳам овоз берувчилар кун ярмига яқин, яъни 11:00-12:00 лардан кейин фаоллашади. Айни дамда турган сайлов участкамиз Марказ 5 ҳудудида жойлашган. Шу боис, сайловчиларнинг катта қисми тушдан кейин келишини кутяпмиз”, – деди у.

Сайлов участкасида фуқароларнинг овоз бериши учун алоҳида кабиналар ташкил этилган. Сайловчилар яширин овоз бериш йўли билан 5 сиёсий партия номзодларидан бирини танламоқда. Мазкур сайловда иштирок этаётганлар ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, ҳам маҳаллий (вилоят, шаҳар ва туман) кенгаш депутатлигига номзодлар учун овоз бермоқда.

520-сайлов участкасида жами 2381 нафар сайловчи рўйхатга олинган. Сайлов участкаси раҳбари Равшан Райимжоновнинг айтишича, бу ерда 16-23 октябр кунлари муддатидан аввал овоз берганлар сони 92 нафарни ташкил қилади.

Парламент сайловига жами 851 нафар хорижий кузатувчилар аккредитациядан ўтган, улар сайлов округларига бориб, жараёнларнинг қандай бўлаётганини кузатяпти. Жаҳон савдо марказлари ассоциацияси директори Вижай Калантрининг таъкидлашича, Ўзбекистондаги бу йилги парламент сайловлари юқори савияда, тизимли ташкиллаштирилган:

4 дан ортиқ сайлов участкасига бордим, ҳудудларда ушбу демократик жараёнлар шаффофлик билан ўтяпти. Овоз бераётган одамлар алоҳида кабиналарга кириб, номзодларни танлаяпти, кузатувчилар сайловни диққат билан назорат қилиб турибди. Ўйлашимча, Ўзбекистонда бундай демократик жараёнлар фаоллик билан давом этади”, ¬ дейди у

Қирғизистон Миллий ахборот агентлиги раҳбари Назарбек Шерматалиев эса жараёнда ҳеч қандай низом бузилиши ҳолатини аниқланмаганини, сайловчилар участкаларга ихтиёрий тарзда ташриф буюриб, ўзи истаган номзодларга овоз бераётганини билдирди.

Шерзодхон Қудратхўжа эса бу йилги парламент сайловининг энг муҳим жиҳати пропорционал тизимга ўтилганида эканини айтди.

Илгари биз партиялар деганда дастурлари бир-биридан фарқланмайдиган, эгизакка ўхшаш тузилмаларни кўрар эдик. Ҳозир эса уларнинг фаолиятида сезиларли даражада хилма-хиллик пайдо бўлди. Бу йилги сайловларда ҳам партиялар, ҳам номзодлар ўзаро беллашишди. “Дебат ҳолл”да ташкил этилган мунозараларда “қалампир” усулидаги раундлар йўлга қўйилди, бунда номзодлар бир-бирининг дастурида белгиланган вазифалар билан танишиб, сайловчиларга берилаётган ваъдаларни ўзаро муҳокама қилди. Ушбу сайлов сиёсий партияларга амалий кейс вазифасини ўтади. Партиялар энди сайловга олдиндан кучлироқ тайёрланади, рақибларининг нозик жойларини ўрганади, шу орқали бир-бирининг дастурини такрорламайди. Шунингдек, сайловчи олдида ваъда қилган дастури манзилли бўлади”, – деди у.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон тарихида биринчи марта сиёсий партиялар томонидан барча даражадаги депутатлик ўринларига 100 фоиз номзодлар кўрсатилди. Бу галги сайловларда Қонунчилик палатасига жами 875 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар кенгашларига жами 3 625 нафар, халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига жами 24 850 нафар номзод қўйилган.

МСКнинг маълум қилишича, айни дамда 11 минг 28 та сайлов участкалари фаолият юритмоқда, сайловчи сифатида республика миқёсида 19 миллион 944 мингдан ортиқ фуқаро рўйхатга олинган.

Овоз бериш жараёнлари кечки соат 20:00 га қадар давом этади.

Мавзуга оид

Эълонлар

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Xiaomi жаҳон бозорида фотосурат санъатини янги чўққига олиб чиқувчи Xiaomi 15 сериясини тақдим этмоқда

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Xiaomi жаҳон бозорида фотосурат санъатини янги чўққига олиб чиқувчи Xiaomi 15 сериясини тақдим этмоқда

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи