Ўзбекистон | 19:14 / 28.10.2024
1879
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон ва Ўзбекистон «Элкарт» ягона тўлов экотизимини яратади

Агар лойиҳа амалга ошса, Ўзбекистонда Elcard карталари ва Қирғизистонда Uzcard карталари орқали тўлов қилиш имконияти пайдо бўлади.

Uzcard Forum - 2024 доирасида Ўзбекистоннинг «Ягона умумреспублика процессинг маркази» АЖ (Uzcard) ижрочи директори Олимжон Зокиров ва Қирғизистоннинг «Межбанковский Процессинговый Центр» АЖ (Elcard) бошқаруви раиси Қаникей Жамангулова ҳамкорлик меморандумини имзолади.

Шундай қилиб, миллий тўлов тизимлари раҳбарлари икки давлат ҳудудида тўловларни ўзаро қабул қилиш имконини берувчи кенг кўламли қўшма лойиҳани ишга туширишга тайёрлигини тасдиқладилар: Ўзбекистонда Elcard карталари ва Қирғизистонда Uzcard карталари орқали.

Меморандум икки давлат карталари эгалари учун трансчегаравий транзакцияларни соддалаштириш, трансчегаравий тўловларда замонавий технологияларни жорий этиш, янги рақамли ечимларни илгари суриш, шунингдек, икки давлат фуқароларининг молиявий саводхонлигини ошириш орқали тизимлараро интеграцияни яратишга қаратилган.

Қайд қилинишича, миллий тўлов тизимларининг интеграциялашуви нафақат икки давлатнинг молиявий инфратузилмаси учун янги имкониятлар очади, балки Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг бошқа кўплаб тармоқларида ўзаро савдо, туризм ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга янги суръат бағишлайди.

Мавзуга оид