Жамият | 21:01 / 29.10.2024
2133
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳрида содир бўлган ёнғинда яшаш хонадони ёниб кетди

Ҳодиса оқибатида яшаш уйининг шифт ва том қисмлари ҳамда баъзи уй жиҳозлари ёниб зарарланган.

Самарқанд шаҳридаги хонадонларнинг бирида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, бугун 2024 йил 29 октябр куни соат 16:14 да вилоят ФВБга Самарқанд шаҳар Хўжаюсуф маҳаласидаги хонадонлардан бирида ёнғин содир бўлганлиги тўғрисида хабар берилган.

Шунга кўра, 4 та ёнғин-қутқарув экипажлари жалб қилиниб, улар воқеа жойига соат 16:21 да етиб бориб, соат 17:00 да ёнғин тўлиқ бартараф этилган.

Ҳодисада ҳеч ким жароҳатланмаган ва ҳалок бўлмаган. Фақат яшаш уйининг шифт ва том қисмлари ҳамда баъзи уй жиҳозлари ёниб зарарланган.

Ҳозирда терговга қадар текшириш ишлари олиб борилиб, ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби аниқланмоқда.

“Юқоридаги каби кўнгилсиз вазиятларнинг олдини олиш мақсадида, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси фуқаролардан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этишни сўраб қолади”, дейилади хабарда.

Аввалроқ, Самарқанд туманидаги савдо дўконида ёнғин содир бўлгани ва оқибатда дўконнинг шифт, том қисми ва кийим-кечак маҳсулотлари ёниб зарарлангани ҳақида хабар берилганди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид