Ўзбекистон | 13:40 / 30.10.2024
1174
2 дақиқада ўқилади

Сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги қонунчиликка қўшимча киритилди

2024 йил 22 октябрдаги қонун билан сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш билан боғлиқ айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Фото: Kun.uz

Ҳужжатда қайд этилганидек, қуйи бўғинда сув таъминоти ташкилотлари ва сувдан фойдаланувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солиш билан сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини ошириш зарур. Пахта хомашёси ва ғалла етиштиришда давлат буюртмасини қонунчилик даражасида бекор қилиш орқали қишлоқ хўжалигини бошқаришда давлатнинг ролини янада камайтириш режалаштирилмоқда.

Хусусан, "Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида"ги қонунга "Сув етказиб бериш хизмати" давлат муассасаларининг вазифалари ва ваколатларини тузатувчи, шунингдек қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув олиш лимитларини туман (шаҳар) халқ депутатлари кенгашлари тасдиқлашини белгиловчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Фермер хўжаликларининг давлат эҳтиёжлари учун маҳсулот етказиб бериш мажбурияти ва қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларга сув етказиб бериш хизматлари учун тўловлар бекор қилинади. 

Қонун сув ресурсларини самарали бошқариш тизимини жорий этиш, қишлоқ хўжалигида эркин рақобатни таъминлаш ва маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг манфаатдорлигини оширишга қаратилган.

Мавзуга оид