Ўзбекистон | 20:28 / 01.11.2024
21752
22 дақиқада ўқилади

Фермер энди ерга ижара ҳуқуқини сотиши мумкин – саволларга жавоблар

Жорий йил 18 январ куни қабул қилинган президент фармонига кўра, қишлоқ хўжалигида ер ижараси шартномасини бошқа шахсларга ўтказиш (фермерлик ёки деҳқончилик ерларини бошқа шахсларга сотиш) тартиби жорий қилинганди. Kun.uz мазкур тартибга оид масалалар хусусида соҳа мутахассислари билан жонли эфирда суҳбат уюштирди, саволларга жавоб берилди.

Жорий йил бошида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқ кутилган ўзгариш содир бўлди: энди фермерлар давлатдан ерни ижарага олиб, қишлоқ хўжалиги фаолиятини юритувчи субъектлар ерни ижарага олиш ҳуқуқини сота оладиган бўлди. Яъни дейлик, фермерчилик қилиш фермернинг жонига тегди, шунда нима қилиш керак, деган савол пайдо бўлади. Ҳозир бу саволга жавоб топилди: фермер ижара ҳуқуқини сотиши мумкин бўлди.

Kun.uz мавзу юзасидан мутахассислар билан суҳбат уюштирди, студиямизда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдухалил Хидиров, Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Хидирали Собидов саволларга жавоб берди. Фермерлардан келган саволларни Агробизнес ассоциацияси раҳбари Камолиддин Икромов етказди.

Журналист Шокир Шарипов: Мана шу ўзгаришлар моҳиятини очиб берайлик томошабинга.

Абдухалил Хидиров: Бу ўзгаришлар бизда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини бозор активларига айлантириш, ижара ҳуқуқларини мустаҳкамлаш бўйича президентимиз фармони билан қабул қилинган 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияда тўртинчи мақсад қилиб, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларидан фойдаланиш бўйича ҳуқуқларни кафолатлаш ва бозор активига айлантириш вазифалари юклатилган. Бугунги кунда мана шу ерларни бошқа шахсга ўтказиш бўйича фармонлар белгиланди. Ушбу фармондан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунлари, хусусан, Ер кодекси ва Фермер хўжалиги тўғрисидаги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Камолиддин Икромов: Фермерлар ерни бериб юборишни истамас эди. Харажат қилиб қўйган ерини шундоқ бервормайди, тўғрими? Зиддиятлар ортиб борди. Қонунда чекловлар мавжуд эди ва ер сотиш имконияти йўқ эди. Шу сабабли, ер фермер қўлида қоларди ва ишламаган ерлар субаренда, яъни ўзига тегишли бўлмаган ерлар каби бошқариларди. Сотиш имконияти пайдо бўлганидан кейин ерга муносабат ўзгаради. Ерни сотганлик учун жиноий жавобгарлик бор эди, бу эса коррупцияга олиб келарди.

Шокир Шарипов: Яъни ер, мажозий қилиб айтадиган бўлсак, хоҳлаймизми-йўқми, ҳақиқий эгасига интилади. Бир фермер ерга нисбатан иштиёқ кўрсатмаяптими ёки уни ишлатишни истамай турибдими, малакаси етмаяптими, ер ҳақиқий эгасига ўтиши керак, тўғрими?

Камолиддин Икромов: Ерни кимдир сотиб олгач, бу кимдир инвестиция киритиб, ўз маблағи ҳисобига сотиб олгандан кейин бошқача муносабатда бўлади, янада кўпроқ инвестиция киритиб, ўша ердан тезроқ маблағини чиқариб олиш мақсадида ёндашади. Қараш ўзгаради.

Хидирали Собидов: Жуда тўғри мавзу кўтарилди. Президентнинг 18 январдаги 15-сон фармони билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг ижара ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш имконияти яратилди, энди қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни электрон онлайн-аукцион воситасида олиш мумкин. Агар давлат захирасида ер бўлса, уни электрон онлайн-аукцион воситасида олиш белгиланган. Ўз-ўзидан электрон онлайн-аукцион воситасида олган ҳуқуқингизни сотиш ҳуқуқини ҳам бериш керак. Бу – ерни ҳақиқий бозор активига айлантиришдир.

Олдин ерни бошқа шахсга ўтказиш мумкин эмас эди, яъни ер давлат тасарруфидаги давлат мулки сифатида қаралган, уни бошқа шахсга ўтказиш учун фермер ерни топшириши керак бўлган. Энди эса бошқа шахсга ўтказишда нафақат сотиш, балки ҳадя қилиш, айирбошлаш, умуман текинга бериш мумкин.

Камолиддин Икромов: Фермерлар кўп сўрамоқда: "президентнинг 15-сон фармони ва қонун ўзгартирилгандан кейин энди биз ерни бошқа шахсга ўтказиш учун қандай йўл тутамиз?"

Хидирали Собидов: Бу босқичлар механизми фармонда ҳам, қонунларда ҳам ёзилди ва бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳам қабул қилинди. Сотиш, бошқа шахсга ўтказиш жуда осон ва ҳеч қандай бюрократик тўсиқларсиз, мураккаб жараёнларсиз амалга оширилиши белгиланган. Ким сотмоқчи ёки олмоқчи бўлса, ўзаро келишув қилиб, нотариусда тасдиқланган битим орқали бошқа шахсга ўтказиш мумкин. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 700-сон қарорида алоҳида банд бўлиб қўшилди. Унда ушбу тартиб кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш тартибида амалга оширилади деб белгиланган.

Сиз уй ёки машина сотишда қандай жараёнга амал қилсангиз, ер сотишда ҳам худди шундай жараёнга амал қиласиз. Нотариусга бориб, олди-сотди, ҳадя жараёнлари амалга оширилади. Шартнома ўз-ўзидан органларга юборилади: кадастр органлари ва ҳокимликларга хабар юборилади. Ернинг эгаси ўзгарди, яъни шартномада тараф ўзгарди, қайта ижара бериш ўзгарди.

Иккинчи даражали ижарага алоҳида эътибор қаратишимиз керак, чунки бу жараёнда адашиб кетмаслик зарур. Иккинчи даражали ижара, яъни қайта ижара жараёнида асосий ҳуқуқлар биринчи ижарага олган шахсда қолади. Қайта ижарада янги ижарага олган киши тўлиқ равишда ерга масъулиятни олади. Яъни ердан оқилона фойдаланиш мажбурияти бор. Масалан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар озиқ-овқат хавфсизлигига бевосита боғлиқ бўлгани сабабли қурилиш ёки бошқа мақсадлар учун фойдаланиш тақиқланади. Шартномада белгиланган мажбуриятлар тўлиқ бажарилиши керак ва янги шахс бу мажбуриятларни қабул қилади.

Камолиддин Икромов: Баъзи фермерлар ушбу имкониятдан фойдаланиш учун нотариусларнинг олдига бориб улгуришибди. Аммо нотариуслар техник томондан ҳали тайёр эмасликларини билдирди. Ростдан шундай бўлса, ҳозирча нотариусга бориб қоғоз шартнома тузишса ва кейинчалик кадастрга олиб бориб топширишса, бу жараён юриб кетадими?

Хидирали Собидов: Нотариуслар билан махсус ишлаяпмиз, уларга алоҳида тушунтиришлар берилмоқда. Президент фармонида қайта ижарага рухсат берилсин деган норма белгиланган эди, лекин қонунларда ўзгаришлар киритиш керак эди. Аммо нотариусларга кўрсатмалар ва намунавий шартномалар тайёрлаб берилди. Янги амалиёт бўлгани учун нотариуслар илгари бу тарзда ҳужжатлар билан шуғулланмаганликлари сабабли балки ноаниқликлар юзага келиши мумкин. Бироқ қонунчиликда рухсат тўлиқ берилди ва агар нотариуслар бу масалаларни тушунмаса, Адлия бошқармалари уларга ёрдам кўрсатади. Адлия бўлимларига мурожаат қилиш мумкин.

Камолиддин Икромов: Мисол тариқасида, 2019 йилги мақбуллаштиришда кўпчилик фермерлар бирлаштириб қўйилган эди. Энди эса молиявий амалиётлар давомида низолар пайдо бўлмоқда. Контурларни алоҳида-алоҳида бошқа шахсга ўтказиш имконияти борми?

Хидирали Собидов: Ер участкасини бошқа шахсга ўтказиш имконияти фақат давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ ва президент фармонида ҳам аниқ белгиланди. Ер участкасидан юридик шахс бўлганда беш йил ва жисмоний шахс бўлганда уч йил давомида фойдаланилиши керак, бу эса ерни савдода суиистеъмол қилишнинг олдини олиш учун ўрнатилган меъёр, чунки ерни олиб-сотувчи қатлам пайдо бўлиб қолиши мумкин.

Агар битта кадастр рақамида бир нечта контур мавжуд бўлса, давлат рўйхатидан ўтиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган мураккабликлар олинади. Шартнома битта бўлиб, ундаги шартларини ўзгартира олмаймиз. Масалан, ўн гектар ер битта шартномага киритилган бўлса, ўртада етти гектар қолди деб қайта давлат рўйхатидан ўтказиш натижасида янги беш йил шарти қўлланади. Нечта кадастр бўлса, кадастрга боғлиқ ҳолда қилиш керак. Бундан ташқари, алоҳида айтиш керакки, масалан, менинг кадастримда иккита ёки учта майдон бор. Бироқ мен қўшимча майдонларни ўтказишим мумкин деган фикрга келинса, Ер кодексининг қирқ олтинчи моддасида талаблар белгиланган. Яъни ўша боғдорчилик ва ғалла етиштирувчи фермерларда деҳқон хўжалигида камида неча гектар бўлиши кераклиги — кластерларда неча гектар, фермерларда пахта етиштириш қанча бўлиши керак, ўттиз, қирқ, минг, икки минг гектаргача деган ўлчамлар белгиланган. У ўлчамлардан чиқиб кетмаслик керак, чунки ўлчамларни камайтириб юбориш фермер хўжалиги тугатилишига сабаб бўлиши мумкин.

Шокир Шарипов: Чат орқали саволлар беришмоқда, оддий саволлар ҳам бор, уларга ҳам жавоб беришимиз керак бўлади, мисол учун: “бир гектар ернинг қиймати қанча, шундан гапиринглар”.

Хидирали Собидов: Масалан, сиз машинангизни сотаётганингизда бир киши нархлаб бермайди-ку, бу сотиб олувчи билан келишувга боғлиқ — хоҳланг бир миллион сўмга сотинг, хоҳланг ўн миллион сўмга сотинг. Сизга ҳеч қандай чеклов йўқ. Лекин аукциондан олаётганда қонунчиликда белгиланганидек норматив қийматга боғланади, яъни бошланғич нархи норматив қийматга боғлиқ бўлади, ернинг тупроқ балларидан келиб чиқиб белгиланади. Тупроқ бал-банитети юқори ерлар бўлса, юқори нарх бўлади.

Камолиддин Икромов: Яна битта савол келяпти: дейлик, норматив қийматдан паст баҳога сотдик, яъни мулк ҳуқуқи сотилди, қайси суммадан солиқ чиқади? Нотариусда кўрсатилган суммаданми ёки норматив қийматда?

Хидирали Собидов: Кўчмас мулкни сотишда нотариал ҳаракат бажарилганидан кейин солиқ солиш ҳаракати амалга оширилади ва солиқ қонунчиликда алоҳида тартибда ташкил этилади. Чунки ер ижара ҳуқуқи Вазирлар Маҳкамасининг 709-сонли қарорида аниқ белгиланган. Бошқа шахсга ўтказсангиз, кўчмас мулкни ўтказиш тартибига кўра амалга оширилади.

Мисол учун, сиз уйингизни арзон нархга қийматлаганингизда у нарх норматив қийматидан камайтирилган бўлса, солиқ қонунчилигида қоидалар мавжуд. Масалан, уйни текинга сотган тақдирда ҳам “айланмадан олинадиган солиқ" деган тушунча бор. Бу солиқ қонунчилиги билан алоҳида тартибга солинади.

Шокир Шарипов: Ерни неча йилга олиш мумкин деб сўраяпти томошабинимиз.

Хидирали Собидов: Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ўттиз йилгача муддатда ижарага олиниши мумкин.

Шокир Шарипов: Фермердан бошқа субъектга ўтганда муддат бошқатдан ҳисобланадими?

Хидирали Собидов: Йўқ, қолган муддат ҳисобланади.

Камолиддин Икромов: Яна бир савол тушди: дейлик, ер ижара ҳуқуқи банкка гаровга қўйилди, кредит олинди. Лекин фермер кредитни қайтара олмади. Ер ижара ҳуқуқи гаров объекти сифатида банкка ўтиб кетади. Шундай ҳолатда қонунчилигимиз бўйича қарздорликдан ошиқча сумма субъектга қайтарилиши керак. Бу ерда ҳам шу қоидами?

Хидирали Собидов: Ҳа, бу қонунларга киритилган. Президентнинг 15-сонли фармонида аниқ белгиланган.

Шу пайтгача ҳам ерни гаровга қўйиш мумкин, деган қоидамиз бор эди. Лекин бу қоида амалда ишлаб кетмади. Сабаби – гаров мажбурияти бажарилмай қолса, кредитор нима қилади деган саволга жавоб йўқ эди. Ер захирага қайтарилиши керак эди. Кредитор – куйди.

Энди эса белгиланган ўзгартиришга кўра, агар гаров мажбурияти бажарилмаса, кредитор гаров реестрига киритган ҳолда ерни аукцион орқали реализация қилади. Аукцион харажатлари ва банкнинг кредит харажатлари чегириб олинади, қолган қисми эса қайтариб берилади.

Шокир Шарипов: Яна бир савол: пул қерга кетади? Ижара ҳуқуқини аукциондан сотиб олганда тўланадиган пул қаерга кетади, деган савол.

Абдуҳалил Хидиров: Бу 709-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарорида аниқ белгилаб қўйилган. Биринчи навбатда аукцион харажатлари қопланади. Яқинда ўзгариш бўлди. Аукционда тушган пулнинг ҳаммаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузурида алоҳида ҳисобрақамига тушади ва ўша жойдан кейин тақсимланади. Биринчи навбатда, ўша тушган пулларнинг ўн фоизи Қишлоқ хўжалик вазирлигининг рақамлаштириш марказига, лойиҳа ишлаб чиққан ташкилотларга ва Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармасига бўлинади, қолган сумма тўлиқ маҳаллий бюджетга, туман ҳокимлиги маҳаллий бюджетига тушади.

Шокир Шарипов: Менга икки-уч гектар ер керак товуқ боқиш учун, нима қилай, деб сўраяпти томошабинимиз.

Хидирали Собидов: Қишлоқ хўжалиги аукцион платформасига кирсангиз, ҳаммаси очиқ-ойдин, ҳудудингизни танлайсиз, жойингизни танлайсиз, қанча миқдорини: бир гектар ҳам бор, ўттиз сотих ҳам, ўн беш сотих ҳам, ўн гектар ҳам, уч гектар ҳам – ижарага олишингиз мумкин. Бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ҳам мавжуд. Ҳеч қандай ёпиқ масала йўқ, ҳаммаси очиқ.

Камолиддин Икромов: Демак, ер ижара ҳуқуқини ўзгартирганда ҳам, ихтисослашув ўша-ўша кетаверади, тўғрими? Ўзгармайди. Фермерлар ёзишяпти, ерга нима экиш қачон эркин бўлади, “размешения” қачон бекор бўлади, деб.

Абдуҳалил Хидиров: “Размешения” – қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштириш “CROP AGRO” ахборот тизими орқали амалга оширилади. Қишлоқ хўжалиги вазирлигида пахта ва ғалла экинлари бўйича фермер хўжаликлари таклифларига асосланиб, агро платформа дастури орқали молиялаштириш тизими жорий қилинган.

505-сонли Вазирлар Маҳкамаси қарори бор, унда тартиблар белгилаб қўйилган. Фермер хўжаликлари таклифига асосан туман ҳокимликлари томонидан юборилади ва биргаликда кўриб чиқилади. Экинлар жойлаштиришда ихтисосликдан келиб чиқилади. Фермер хўжалиги тўғрисидаги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, фермернинг ихтиёридан келиб чиқиб, экинларини жойлаштириш жорий қилинди

Хидирали Собидов: Битта қўшимча қилиб кетмоқчи эдим. Ихтисослик, яъни экинларни жойлаштириш бевосита озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи билан боғлиқ. Бу бошқа давлатларда ҳам бор, чунки аҳолига озиқ-овқат етказиб бериш қишлоқ хўжалиги ерлари орқали амалга оширилади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар энг муҳим табиий ресурс ҳисобланади. Шуни ҳам инобатга олиш керак.

Камолиддин Икромов: Яна саволлар келмоқда: "ерни икки-учга бўлиб олсак бўладими? Ерни бўлиб сотиш учун учта алоҳида кадастр керак, шундайми?

Хидирали Собидов: Ҳа, ҳар битта контурга алоҳида кадастр чиқариш керак. Алоҳида кадастр чиқарилгандан кейин 46-моддадаги ихтисослик, яъни ўзининг йўналиши камайиб кетмаслиги керак. Давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Шокир Шарипов: Ўн беш сотих ер олдим аукциондан, лекин бошқа маҳалладан адашиб олиб қўйибман, энди қанақа қайтараман, дей сўрайди кузатувчимиз.

Хидирали Собидов: Ер кодексининг 36-моддасида ихтиёрий воз кечиш жараёни мавжуд. Туман ҳокимлигига ариза киритади, ердан ихтиёрий қайтариш тўғрисида, яъни захирага қайтариш тўғрисида ва у нотариал тартибда тасдиқлайди. Ҳақиқатан ҳам мен ўзим қайтаряпман, ҳеч ким босим қилмади, деб.

Шокир Шарипов: Пули қайтадими?

Хидирали Собидов: Йўқ.

Шокир Шарипов: Моҳиятан оладиган бўлсак, бу ўзгариш соҳага, қишлоқ хўжалик соҳасига қандай ўзгариш келтиряпти?

Хидирали Собидов: Бу жуда катта ўзгариш, бу тарихий қонун. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатларимиз ҳам қабул қилаётганда, бу тарихий қонун эканини қайд этди. Яъни бозор муносабатлари қанча ривожланиши билан ерларни бозор активига айлантириш ҳам муҳим.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни хусусийлаштириш механизми аниқ ишлаб турибди. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни хусусийлаштиришга рухсат йўқ, лекин ижара ҳуқуқини сотиш ҳуқуқи берилди. Бу ўз-ўзидан ерларнинг активга айланишига, яъни ернинг ҳақиқий эгаси бўлишига, юқорида таъкидлаб ўтганингиздек омил бўлади. Тўғри айтдингиз, фермер ерни ўн йил ишлатди, ўғит берди, қаради, меҳр берди, юмшатди, ўзининг мулкидай қаради. Энди у сарфлаган харажатларидан шунчаки воз кечиб, захирага қайтариб юбормайди-ку! У мисол учун, энди қилгиси келмаяпти. Шунақа ҳолат бўлганда, хоҳлаган одамга сотиб, фермерлик мажбуриятини берса бўлади-ку. Шу механизмлар қонун билан белгилаб берилди. Бу – тарихий қонунлар.

Абдуҳалил Хидиров: Ҳозир фермер хўжаликларимизнинг кўпчилиги замонавий технологиялар жорий қиляпти, боғдорчи фермерлар бор, интенсив боғлар бор, харажатлар қилинган. Бошқа шахсга ўтказадиган бўлса, ўша харажатларни қоплаттириб олади. Технологиялар анча пул туради. Эски қонунчилигимиз бўйича, нимадир бўладиган бўлса, захирага қайтариш керак бўларди, мажбурий. Харажатларни ҳеч ким қоплаб бермасди.

Ерга инвестиция киритмоқчи бўлган инвестор одам борки, ўзининг бизнес режаси билан киради, олдиндан яна қанча маблағ сарфлаш кераклигини билади ва шу сарфланган маблағ қанча вақтда ўзини оқлашини ҳам билади-да.

Мана, инвесторлар кирадиган жараёнга етиб келдик деб ўйлайманки, бу жуда ҳам катта ўзгариш бўлди. Шу ислоҳотларнинг навбатдаги ва кейинги босқичларини, Худо хоҳласа, кутиб оламиз.

Шокир Шарипов: Муҳим қадам ташланди, буни ҳаммамиз англаб турибмиз. Бироқ биз журналистларга кўплаб мурожаатлар келиб тушади. Нима экиш масаласи турибди. Фермер нима экишни ўзи ҳал қилса, кейин тўлиқ маънода эркин фермерга айланади. Туманлардан хабарлар келяпти. Бу соҳада ҳали муаммо жуда кўп. Масалан, Хоразм воҳасидан келаётган хабарлар бор. Ҳозир биз суҳбат қилиб турган масала ажойиб, лекин воқеликда бошқа нарсалар юз бермоқда. Маҳаллий идоралар босими, шоликорларга нисбатан таҳдидлар. Ҳатто маҳаллий идоралар масъуллари ўз ерларида шоли экади дейишади, кимдир мумкин, кимгадир мумкинмас. Ҳокимият суиистеъмоли мавжуд. Ҳолат жуда ачинарли. Бунга нима деймиз?

Хидирали Собидов: Масалан, мен ер олсам, шартномага қўл қўйиб, рози бўлиб оламан. Энди мен ўша шартномани бузишга нима учун ҳаракат қилишим керак? Шартномада нима экиш ҳам айтилади, ихтисослашув ҳам ёзилади. Қонун бузилса, суд бор, бошқа органлар бор. Ўзи рози бўлиб олгандан кейин шартномани бузиш нима учун керак, деган савол келиб чиқади.

Шокир Шарипов: Бу аҳволни фермер миқёсида эмас, юқори миқёсда кўриб чиқиш керак. Масалан, бир ер пахтага яхши эмас, ҳосил бермайди, лекин пахтага мажбурланади. Ўша ерда бошқа нарсани экса фойдалироқ бўлади. Комплекс ўзгаришларга эҳтиёж пайдо бўляпти. Ер эгаси ерни ишлатишни яхшироқ билади, нима экиш кераклигини. Билмаса ҳам, бугун билмаса, эртага билиб олади, тажрибадан ўрганади. Яъни бу фермерни ривожлантиришга омил бўлади. Мисол учун, тадбиркорлик субъектига биз айтмаймиз, мана буни ишлаб чиқар, деб. Тўғрими? Ҳа, ўзига қўйиб берганмиз. Нима учун ер эгасига эркинлик йўқ?

Хидирали Собидов: Юқорида ҳам таъкидлаб ўтдик, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар озиқ-овқат хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ ва муҳим табиий ресурс ҳисобланади. Шунинг учун ихтисослашув ўрнатилади. Жойлашув муҳим, шунинг учун институтлар, лойиҳа институтлари, қишлоқ хўжалиги вазирлиги, қишлоқ хўжалигига оид илмий тадқиқот муассасалари ҳам бевосита у ерни чиқаришда ихтисослашувини белгилаб беради.

Шокир Шарипов: Бу – давлат яхшироқ билади қаерда нима экишни, деган гап бўляпти, лекин иқтисодий фан айтадики, давлат яхши бошқарувчи эмас. Деҳқоннинг ўзи ҳал қилса, самара кўпроқ бўлади. Қачон ўша даражага етар эканмиз?

Хидирали Собидов: Биз ҳам босқичма-босқич бу жараёнга ўтяпмиз. Ер кодексидаги "уч йил давомида ҳосилдан самарасиз фойдаланилганда" деган критерия билан ер олиб қўйиш имкониятини берарди. Фермер деҳқон кенгашга аъзо бўлмаса, ер олиб қўйилиши мумкин эди. Қонунчиликда бошқа ҳолатлар ҳам белгиланиши мумкин, лекин ҳозир ерни олиб қўёлмайди. Президент фармони билан ерларни мустақил белгилаш масаласи босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Бу жараённи бирданига амалга оширсак, катта миқдордаги – тўртта ярим миллион гектар суғориладиган ерларимиз қўлга олинади. Кимдир учун бу яхши бўлиши мумкин, лекин кимдир учун хавфли бўлиши ҳам мумкин. Айниқса, озиқ-овқат хавфсизлигига боғлиқ масалалар билан бевосита боғлиқ жараён бўлгани учун ҳар бир қадамни чуқур ўйлаб кўриш керак.

Шокир Шарипов: Бизга келган муайян мисоллар: фалон гектарга шоли экилмоқда, келиб, кластер билан, номаълум-мавҳум бир субъект билан шартнома тузасан, тайёр бўлган шолини унга топширасан дейишяпти. Бу қандай тушунтирамиз?

Яна бир мисол — катта тадбиркор, чет элларда ишлаб келган, кўрсатув ҳам қилдик у ҳақда. Кунжутга ихтисослашган, кунжут етиштириб, бир қанча тайёр маҳсулотларни экспорт қилиб, ишлаб чиқаряпти. Мен алмашлаб экишим керак. Экиб етиштирса тортиб олишга уринишяпти. Пахта эксам, муаммо йўқ деяпти, лекин бошқа нарса экса, югуриб келишади деяпти.

Ерга муносабат нотўғри. Хўп, алмашиб экмоқда, муҳими самара борлиги эмасми? Субъект ўзи билади-ку нимани алмашлаб экса унга фойда бўлишини.

Мен ҳозир вазиятдан фойдаланиб қолмоқчиман. Шундай таассурот туғилмоқдаки, биз маълумотларни чиқаряпмиз, яхши ниятда, ҳал бўлсин деб, аммо муаммо шундаки, реакция бўлмаяпти. Оммавий ахборот воситалари, Адлия вазирлиги билан ҳамкорлик қилишимиз керакдир, бизга келаётган маълумотларни кўриб чиқиш учун. Сизлар билан ҳамкорлик қилиб, бунинг ечимини топиш керак.

Чунки оммада нотўғри тушунчалар пайдо бўляпти, "бизни ҳеч ким эшитмаяпти" деган. Мен прокуратурадан вакил чақирдим. Прокуратура ходимлари бу ерда ўтиришлари керак эди, чунки ноқонуний ишлар бўляпти.

Хидирали Собидов: Тайёрмиз, кимда, қайси фермер хўжаликларида муаммолар бўлса, биргаликда ишлаймиз.

Шокир Шарипов: Раҳмат! 

Мавзуга оид