Ўзбекистон | 09:40 / 02.11.2024
1206
1 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Фарғонада халқаро кўп тармоқли клиника ташкил этади

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров Ҳиндистоннинг VED кўп тармоқли шифохонаси директори Ваивхав Пател билан учрашди.

Фото: Дунё

Ўзбекистон элчихонаси маълумотига кўра, учрашувда ушбу шифохона томонидан вилоятда халқаро кўп тармоқли клиника ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.

Ваивхав Пател VED клиникаси фаолияти, аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича тўпланган тажриба, жарроҳлик амалиётлари бўйича маълумот тақдим қилди. Фарғона вилояти билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва аҳолига халқаро стандартларга асосланган тиббий хизмат кўрсатиш истиқболлари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирди.

Шунингдек, ҳиндистонлик малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда маҳаллий тиббиёт ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш бўйича биргаликда амалга ошириладиган ишлар юзасидан фикр алмашилди.

Ҳиндистон делегация аъзолари қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур бўлган бино-иншоотларни кўздан кечирди ҳамда ҳамкорликни ҳаётга татбиқ этиш босқичлари юзасидан келашувларга эришилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид