Ўзбекистон | 19:45 / 04.11.2024
7013
4 дақиқада ўқилади

“Сунъий йўлдош учириш 1 ҳафтада амалга ошадиган иш эмас” – “Ўзбеккосмос”

Агар биринчи босқичдаёқ Ўзбекистон сунъий йўлдош учирганида, бу давлат бюджетига миллионлаб доллар харажат олиб келган ҳамда ундан унумсиз фойдаланилган бўларди, дейди “Ўзбеккосмос” расмийси. Маълум қилинишича, агентлик ҳозирги босқичда Downstream йўналишида бўлиб, асосан давлат космик мониторингига урғу бермоқда.

Фото: Сунъий интеллект томонидан яратилган сурат

10 октябр куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда “Ўзбеккосмос” ахборот хизмати раҳбари Нодиржон Муқимов Ўзбекистоннинг “Космик фазо, шу жумладан Ой ва бошқа самовий жисмларни тадқиқ қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича давлатларнинг фаолият тамойиллари тўғрисида”ги халқаро шартномага қўшилишига доир қонун ҳақида маълумот берди. Брифинг сўнгида “Ўзбеккосмос” ахборот хизмати раҳбари Kun.uz мухбирининг саволларига жавоб берди.

Биласизми, Ўзбеккосмос агентлиги баъзи давлатларга ўхшаб тезда сунъий йўлдош учирмади. Аввал бозорнинг талаб ва эҳтиёжини ўрганиб чиққан ҳолда сунъий йўлдош ёки ракеталар билан эмас, балки ўз фаолиятини сунъий йўлдошлардан фотосуратларни олиб давлат космик мониторингини жорий қилиш билан бошлади. Сунъий йўлдош учириш – Ўзбекистон шароитида 1 ҳафтада амалга ошириладиган иш эмас”, — дейди агентлик расмийси Нодиржон Муқимов.

Мутахассисга кўра, жаҳон космик бозори 3 та йўналишга бўлинади. Биринчиси, Upstream яъни сунъий йўлдошлар ва ракеталар билан ишлаш, кейингиси Midstream – космос билан ер орасидаги алоқа тизимларини ўрганиш, учинчиси эса Downstream – маълумотларни қайта ишлаш ва янги маҳсулотларни татбиқ этишдир. “Ўзбеккосмос” агентлиги ўз фаолияти давомида асосий эътиборни айнан Downstream йўналиши, яъни маълумотларни қайта ишлаш ва янги технологияларни татбиқ этишга қаратди.

Тўғри, биринчи босқичдаёқ Ўзбекистон сунъий йўлдош учириши мумкин эди, аммо бу давлат бюджетига миллионлаб доллар харажатни ва шу билан бирга сунъий йўлдошдан унумсиз фойдаланишга олиб келар эди. Ҳар бир учириладиган сунъий йўлдошнинг яроқлилик муддати мавжуд ва шу муддат ичида сунъий йўлдошдан максимал фойдаланиш даркор.

Ўзбеккосмос” агентлиги эса аввало космик хизматларга бўлган талабни ўрганиш, бу бўйича Ўзбекистонда космик бозорни ташкил этиш борасида хорижий давлатларнинг космик агентликлари билан икки томонлама ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ушбу ҳамкорлик ва бошқа давлатлар тажрибасини ўрганиш ҳамда Ўзбекистонга татбиқ қилиш доирасида энг аввало давлат космик мониторинг тизими ёрқин мисол. Яъни иқтисодиёт соҳаларига космик суратларни таҳлил қилиш орқали аниқ маълумотларни етказиб бериш ҳисобланади. Бу энг катта ютуқлардан биридир”, – дейди агентлик ходими.

Фото: AOKA

Шунингдек, Муқимов “Ўзбеккосмос”нинг ҳозирги кунда фаолияти ҳақида ҳам маълумот берди:

- Ҳозирги кунда агентлик давлат космик мониторингига асосан урғу берган. Бу жуда муҳим ва чуқур жараён. Геология соҳасида, қишлоқ хўжалиги соҳасида, сув ресурслари ва бошқа йўналишларида айнан давлат космик мониторинг муҳим аҳамиятга эга. Масалан, сув омборларидаги тўғонларнинг силжиш даражалари, ҳосилдор қишлоқ хўжалик ерларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари, ноқонуний қазиш ишлари айнан космик мониторинг жараёнларида аниқланиб, камчиликлар бартараф этилишига сабаб бўляпти. Бир ибора бор – “Олдинлари пастдан туриб, тепани кўришган бўлса, ҳозир “Ўзбеккосмос” тепадан туриб пастни назорат қиляпти”.

Хусусан, агентлик тизимида Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази ташкил этилди. Бугунги кунда агентлик томонидан Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги, Ер муносабатлари (Кадастр), Ўрмон хўжалиги, Экология ва Геология соҳаларида Давлат космик мониторингини амалга ошириб келмоқда, — дея Нодир Муқимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид