Ўзбекистон | 22:59 / 13.05.2026
3868
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг илк космонавти 2028 йилда коинотга учирилади

Ҳозир АҚШ, Россия ва Хитой билан шу ҳақда музокаралар олиб борилмоқда.

Ўзбекистоннинг илк миллий космонавтини 2028 йил октябрига қадар коинотга учириш режалаштирилган. Бу ҳақда «Ўзбеккосмос» агентлиги директори ўринбосари Муҳиддин Иброҳимов маълум қилди.

Унинг айтишича, парвоз 14 кун давом этади. Ҳозир инсон иштирокидаги космик парвозларни амалга ошириш имкониятига эга учта давлат — АҚШ, Россия ва Хитой билан музокаралар олиб борилмоқда.

Таъкидланишича, барча томонлар ҳамкорликка тайёрлигини билдирган ва ўзбекистонлик космонавт фазодан маълум илмий тажриба (тиббиёт, биология, генетика ва бошқа устувор йўналишлар) натижалари билан қайтиши режалаштирилган.

Номзодлар учун қуйидаги талаблар белгиланган: ёши 27-40, олий маълумотли, бўйи 160-190 см, вазни 50-95 кг, хорижий тилларни билиши.

Аввалроқ, космонавтни танлаш жараёни умумхалқ дастури шаклида ташкил этилиши айтилган эди. Бунинг учун махсус давлат комиссияси тузилади ва космонавтларни танлаш, тайёрлаш ва парвоз масалаларини мувофиқлаштиради.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид