Жаҳон | 18:53 / 05.11.2024
26658
9 дақиқада ўқилади

АҚШ янги президентни сайламоқда: икки номзод ҳам ўз ғалабасига шубҳа қилмаяпти

АҚШда миллионлаб сайловчилар натижасини олдиндан тахмин қилиш ҳам қийин бўлган президентлик сайловларида овоз беришни бошлади: иккала номзоднинг рейтинги бир-бириникига жуда яқин. Демократ Камала Ҳаррис ва республикачи Доналд Трамп кампанияни душанба куни кечқурунгача давом эттирди ва икки номзод ҳам ўз ғалабасига ишонмоқда.

Фото: The New York Times

АҚШда илк сайлов участкалари Вермонтда маҳаллий вақт билан соат 5:00 да (Тошкент вақти билан 15:00) очилди. Қўшма Штатлардаги аксарият сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 7:00 ёки 8:00 атрофида очилади (Тошкент вақти билан 17:00 ёки 18:00). Энг охирида Ҳавайи оролларидаги участкалар очилади — Тошкент вақти билан 22:00.

Ҳаррис ва Трампнинг натижаси ўртасидаги фарқ жуда кичик бўлиши эҳтимоли юқорилиги туфайли, сайлов натижалари бир неча кунгача аён бўлмаслиги мумкин. Шу билан бирга, барчаси анча тезроқ аниқ бўлиши ва ғолиб номи овоз бериш якунланганидан бир неча соат ўтибоқ эълон қилиниши мумкинлигини ҳам истисно этиб бўлмайди.

АҚШдаги сайловларни бутун дунё кузатмоқда, аммо бу жараён Россия-Украина уруши учун янада муҳимроқ. Трамп ғалаба қозонадиган бўлса, бир кун ичида урушни якунлашини айтган, аммо буни қандай қилмоқчилигини очиқламаган (унинг рақиблари эса республикачилар номзоди Украинани Россияга ҳудудларини топширишга мажбур қилиши мумкинлигидан огоҳлантирган). Ҳаррис эса Киевни қўллашда давом этиши ва унинг ғалабаси учун зарур бўлган барча ишни қилишга ваъда берган.

Сўровларга кўра, Ҳаррис миллий миқёсдаги машҳурлик бобида Трампни ортда қолдирган, аммо бу сайловлар тақдири умуммиллий овоз бериш натижаларига кўра эмас, балки иккиланувчи еттита штатда ҳал бўлади.

Сўнгги ҳафталарда мазкур штатларда номзодларнинг позициялари деярли ўзгармади ва уларнинг рейтинги тахминан бир хиллигича қолди, яъни штатларнинг бир қисмида Трамп, қолганида Ҳаррис статистик хатолик даражасидаги фарқ билан олдинда.

Социологларнинг маълумотларига кўра, Трамп Невада, Жоржия, Шимолий Каролина ва Аризонада бироз олдинда, Ҳаррис эса Висконсин ва Мичиганда шундай минимал фарқ билан устунликка эришган. Пенсилванияда икки номзод ҳам бир хил кўрсаткичга эга.

Аммо бугун америкаликлар нафақат президентни, балки Конгресснинг иккала палатаси аъзоларини ҳам танлайди. Ҳозирда республикачилар Вакиллар палатасида кўпчиликни ташкил этади, Сенат — демократларда. Ижтимоий сўровлар «рокировка» бўлишини кўрсатмоқда, унга кўра қуйи палата демократларга ўтади, юқори палата — республикачиларга.

Янги президент ўз режаларини амалга ошириши ва сайловдан олдин берган ваъдаларини бажариши кўп жиҳатдан Конгрессда қайси томон кўпчиликни ташкил этишига боғлиқ. Қонун чиқарувчилар ташқи сиёсатга ҳам таъсир кўрсатади. Айрим республикачи сенаторлар Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни давом эттиришга қарши ва Ҳаррис ғалаба қозонган тақдирда ҳам Сенатда кўпчиликни ташкил этадиган республикачилар Украинага ёрдам келажагини шубҳа остида қолдиради.

Бундан ташқари, бугун 11 штатда губернаторлар ҳам сайланади, 10 штатда эса абортлар тўғрисидаги қонун халқ муҳокамасига қўйилган, унга кўра, мазкур ҳудудларда абортга рухсат берилади ёки тақиқланади.

Овоз беришнинг илк натижаси ҳам ушбу сайловлардаги вазиятни яққол акс эттиради. Анъанага кўра, биринчи бўлиб Ню-Ҳэмпшир штатининг Диксвилл-Нотч коммунасидаги аҳоли яшаш манзилида биринчи бўлиб, ярим тунда овоз берилди. Бу ерда рўйхатдан ўтган олти нафар сайловчи иккига бўлинган: уч киши Трампга, яна уч киши Ҳаррисга овоз берган.

Шу билан бирга, 82 миллиондан ортиқ АҚШ фуқароси муддатидан олдин овоз берган — асосан почта орқали. Муддатдан олдин овоз бериш 2020 йилда ковид пандемияси туфайли кенг тарқалган амалиётга айланганди.

Ярим тунгача давом этган митинглар

Ҳаррис ҳам, Трамп ҳам ўз ғалабасига ишонч билдиришган — ва улар сайловолди кампаниясининг душанба куни кечгача чўзилган охирги митингида шу ҳақда гапиришган.

Трамп Мичиган штатидаги Гранд-Рапидс шаҳрида ўтказилган митингини маҳаллий вақт билан тунги соат иккида якунлади. У бутун кампания давомида бўлгани каби ўз нутқини иқтисодиёт, миграция ва Камала Ҳаррисни танқид қилишга бағишлади.

«Ўйлайманки, бизда тез орада ажойиб натижа бўлади. Менимча, биз Мичиганда ғолиб чиқамиз, — деган Трамп. — Сизнинг овозингиз Камалани ҳайдаш ва Американи қутқаришга ёрдам бериши мумкин. Биз солиқ ва инфляцияни қисқартирамиз, нархларни кескин пасайтирамиз, маошларни кўтарамиз, Америкага ва Мичиганга минглаб заводларни қайтарамиз ва бу кўп жиҳатдан божлар жорий этиш орқали қилинади — бу менинг севимли сўзим».

Трамп бу орқали Америкадаги маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаш учун Хитой ҳамда бошқа мамлакатлардан келадиган маҳсулотлар учун бож таърифларини кескин ошириш ҳақидаги ваъдасини назарда тутган.

Журналистлар айтганидек, Трамп ўз президентлигининг дастлабки йилларида АҚШда иқтисодий вазият барқарор бўлганини энг жиддий аргумент сифатида келтиради, ҳолбуки унда ҳали ковид пандемияси ҳамда Украинадаги уруш билан боғлиқ қийинчиликлар бошланмаганди. Ўз кампанияси вақтида Трамп сайловчиларни унинг Оқ уйга қайтиши АҚШ иқтисодиётини 2019 йилгача бўлган тинч даврга қайтаришига ишонтиришга уринди.

Сайлов кунидан олдинроқ жаҳондаги энг машҳур подкастлардан бири бошловчиси Жо Роган томонидан қўллаб-қувватлов Трамп учун яхши янгилик бўлди. Роган Трампнинг энг таниқли тарафдорларидан бири — миллиардер Илон Маск билан интервюдан кейин сайловчиларни республикачилар номзодига овоз беришга чақирди.

Роганнинг сўзларига кўра, Маскнинг Трамп фойдасига келтирган аргументлари уни ишонтирган ва у «суҳбатдошининг барча масалалардаги фикрларига қўшилган». «Барчага тушунарли бўлиши учун — ҳа, бу шуни англатадики, мен Трампга овоз беришга чақираман», — деган Роган.

Ҳаррис аёллар ва ёшларга умид билдирмоқда

Ўз навбатида, Ҳарриснинг тарафдорлари сайлов кунидан олдинги кунларда уларнинг номзоди ўз позицияларини мустаҳкамлагани, тобора кўпроқ аёллар уни қўллаб-қувватлаётганини айтишган.

Номзодларнинг гендер тенглик бўйича қарашлари кескин фарқланиши ушбу сайловда муҳим рол ўйнаши тахмин қилинмоқда: сўровларга кўра, Трампни кўпроқ эркаклар, Ҳаррисни — аёллар қўлламоқда. Бу кўп жиҳатдан республикачи номзоднинг аборт масаласидаги позицияси билан боғлиқ: у президентлигида аёлларнинг ҳомиладорликни тўхтатишга бўлган конституциявий ҳуқуқини бекор қилдирганди.

Ўтган ҳафтада шу вақтгача республикачиларга мойил ҳисоблаб келинган Айова штатида ўтказилган сўров натижалари шов-шув келтириб чиқарди.

Des Moines Register газетаси буюртмасига кўра нуфузли компания ўтказган тадқиқот Ҳаррис сайловга боришга аҳд қилган сайловчилар орасида ўтказилган сўровномада Трампни ортда қолдирганини кўрсатган: уни сўралганларнинг 47 фоизи қўллаган, республикачини эса — 44 фоизи.

Трамп бу натижа ишончсизлигини айтди, аммо Ҳарриснинг тарафдорлари демократ номзоднинг позицияси айнан аёлларнинг овози ҳисобига мустаҳкамланганини билдирмоқда.

Ҳаррис ўзининг сўнгги чиқишини Филаделфияда — сайловни ҳал қилувчи энг катта штат Пенсилваниянинг энг катта шаҳрида амалга оширди.

У ўзининг кампанияси «мамлакатнинг турли бурчакларидан бўлган турли одамларни бирлаштиргани»ни айтди. «Биз нимагадир қарши курашаётганимиз йўқ, балки нимадир учун курашяпмиз. Бугун биз бошлаганимиз каби якунлаймиз: энергия билан, оптимизм билан, хурсандчилик билан», — деган Ҳаррис ўз тарафдорларига қарата.

Унга ёш сайловчиларнинг қўллови айниқса муҳим ва у чиқиши вақтида айнан уларга мурожаат қилди: «Айтмоқчиманки, мен сизнинг кучингизни кўряпман ва сиз билан жуда фахрланаман».

Таҳлил: икки турли дунё рақобати
Сара Смит, BBC’нинг Шимолий Америка бўйича муҳаррири

АҚШ бўйлаб кўплаб сафарлар ва сайловчилар билан мулоқотлардан кейин мен ўзим учун муҳим бир хулосага келдим: Америка нафақат ғайриоддий бўлиб кўринади, балки икки хил давлат бир ҳудудда бирга яшашга ҳаракат қилаётгандек туюлади.

Демократлар асосан шаҳарларда ва уларнинг атрофларида, республикачилар — асосан қишлоқ жойларда истиқомат қилади.

Шу билан бирга, америкаликлар сиёсий қарашлари ўзлариникига яқин қўшнилар топишга ва ўз тарафдорлари яшайдиган жойларга кўчиб ўтишга ҳаракат қилади. Ва энди қайси ҳудуд қайси партияга мойиллигини аниқлаш қийин эмас: уйлар атрофида Трамп ёки Ҳаррисни қўллаб-қувватлаб илинган плакатларни кўриш мумкин.

Аммо бундай икки хил дунёда чексиз яшаб бўлмайди. Баҳс қанчалик муросасиз кечмасин, кимдир ғалаба қозонади.

Ва АҚШнинг кўплаб аҳолиси сайлов натижаларидан хабар топганида, улар ўн миллионлаб ватандошлари дунёга бошқача назар билан қарашларини кўриб, даҳшатга тушишади.

Мавзуга оид