Жаҳон | 13:37 / 06.11.2024
3631
2 дақиқада ўқилади

Гуржистонда 30 та участкада сайлов натижалари бекор қилинди

Овоз бериш махфийлиги бузилганлиги сабабли сайлов натижалари бекор қилинди. Ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси 53,9 фоиз овоз олиб, парламент сайловларида расман ғалаба қозонди.

Фото: Daro Sulakaur/REUTERS

Гуржистонда район суди 30 та сайлов участкасида овоз бериш махфийлиги бузилгани учун парламент сайловлари натижаларини бекор қилди, деб хабар берди мустақил матбуот 5 ноябр, сешанба куни.

Суд Гуржистон жанубидаги Тетрицкаро ва Цалкска районларидаги учта тасодифий сайлов участкасидан бюллетенлар билан овоз бериш ҳолатини тиклади. Тажриба натижасида маълум бўлишича, сайлов бюллетенининг орқа томонида партия маркер белгиси кўринган. Бу шуни англатадики, сайлов бюллетени КОИБга (овозларни санаш машинаси) киритилганда, яқин атрофда турган одамлар сайловчи кимга овоз берганини тушунишлари мумкин бўлган.

Гуржистон Марказий сайлов комиссияси район судининг қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга, бироқ экспертларнинг айтишича, прецедент аллақачон юзага келган.

Овоз бериш махфийлигини бузганлик тўғрисидаги даъволар

Овоз бериш сирини бузганлик ҳақидаги даъволар Гуржистон ёш ҳуқуқшунослар уюшмаси томонидан берилган. Ассоциация 2 мингдан ортиқ сайлов участкасида сайлов натижаларини бекор қилишни талаб этди. Тбилиси ва бошқа шаҳарлар судлари шикоятларни қаноатлантирмади.

Edison Research ғарб социологик институти Гуржистондаги сайлов натижалари манипуляция қилинган деган хулосага келди. Социологлар сўзларига кўра, экзитполлар ва расмий натижалар ўртасидаги 13 фоизлик фарқ сохталаштиришдан далолат беради. Edison Research ҳисоб-китобларига кўра, «Гуржистон орзуси» 40,9 фоиз, мухолиф партиялар эса 51,9 фоиз овоз олиши керак эди.

Ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси 53,9 фоиз овоз олиб, парламент сайловларида расман ғалаба қозонди. Яна тўртта мухолифат партияси беш фоизлик чегарадан ўтди. Уларнинг барчаси сайлов натижаларини тан олишдан ва парламентга киришдан бош тортган. Мухолифат оммавий намойишлар ўтказмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид