Исроил мудофаа вазирининг истеъфоси: минглаб кишилар намойишга чиқди
Исроил президенти Ицхак Герцог Ғазо секторидаги уруш авжида мудофаа вазири Йоав Галантнинг истеъфога чиқишига қарши норозилик намойишлари чоғида мамлакатда давлат тўнтариши содир бўлиши хавфидан огоҳлантирди.
Исроил мудофаа вазири Йоав Галант 6 ноябр, чоршанбага ўтар кечаси истеъфога чиққанидан сўнг, Қуддус ва Тел-Авивда минглаб одамлар мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг ҳаракатларига қарши кўчаларга чиқиб, Ғазо секторида Ҳамас ташкилоти томонидан гаровга олинган исроилликларни ўз ватанига қайтаришни талаб қилишди.
The Times of Israel интернет-нашрининг ёзишича, Тел-Авивдаги Аялон шоссесининг жанубий томонида намойишчиларни тарқатиб юбориш учун полиция ёқимсиз ҳидли кучли сув оқимларидан фойдаланишга мажбур бўлган.
Мухолифат етакчиларидан бири Яир Лапид Исроил фуқароларини кўчага чиқишга чақирди. У уруш авжида Галантнинг истеъфога чиқишини «жиннилик ҳаракати» деб атади.
Йоав Галантнинг баёноти
Айни пайтда Йоав Галантнинг ўзи Исроил ҳукуматини Ғазо секторида Ҳамас ташкилоти қўлида қолган гаровга олинганларни тириклайин уйларига қайтаришга чақирди. «Ҳамас томонидан ўғирлаб кетилган ўғил-қизларимизни қайтариш бизнинг маънавий ва ахлоқий бурчимиздир, - деди у. - Биз буни улар тириклигида имкон қадар тезроқ қилишимиз керак».
Галантнинг қўшимча қилишича, «гаровга олинганларни қайтариш мумкин, аммо бу оғриқли муросаларни талаб қилади». «Исроил давлати бу муросага қандай дош бера олишини билади» ва «Исроил армияси буни қандай таъминлаши мумкинлигини билади», деди у.
Исроил президенти Герцогнинг Галантнинг истеъфоси ҳақидаги баёноти
Ўз навбатида, Исроил президенти Ицхак Герцог Бинямин Нетаняҳунинг мамлакат мудофаа вазири Йоав Галантни ишдан бўшатиш ҳақидаги қарори фонида уруш пайтида юзага келиши мумкин бўлган сиёсий тўнтаришдан огоҳлантирди. «Исроилга ҳозир керак бўлган охирги нарса — бу тўнтариш ва уруш давом этаётган пайтда бурилиш нуқтаси», деди у 5 ноябр куни кечқурун. Исроил давлати раҳбарининг сўзларига кўра, мамлакат хавфсизлиги «барча фикрлардан устун» бўлиши керак. «Мамлакат раҳбариятининг вазифаси ҳозирги вақтда катта масъулият билан ҳаракат қилишдир», деди у.
Шу билан бирга, АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден маъмуриятининг исмини ошкор этмаган вакили The Times of Israel интернет нашрига берган изоҳида Вашингтонда Нетаняҳуга Галантнинг истеъфоси ва бу қарорга нима сабаб бўлганлиги бўйича «саволлари борлигини» таъкидлади.
Аввалроқ Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Галантни мақтаб, унинг вориси билан ҳамкорлик қилишга ваъда берган баёнот билан чиққан эди. Бироқ, The Times of Israel нашрига исмини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган манба «нисбатан камроқ дипломатик позицияда эди», деб таъкидлади нашр. «Мудофаа вазири Галантни ишдан бўшатиш ҳақидаги кутилмаган қарор, айниқса, икки уруш авжида ва Исроил Эроннинг эҳтимолий ҳужумидан ҳимояланишга тайёрланаётган бир пайтда ташвиш уйғотмоқда», — дея амалдорнинг сўзларидан иқтибос келтирган журналистлар.
Исроил мудофаа вазири Йоав Галантнинг истеъфоси
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 5 ноябр куни мамлакат мудофаа вазири Йоав Галант истеъфога чиққанини эълон қилди ва сўнгги ойларда у билан Галант ўртасидаги ишонч йўқолганини кўрсатди.
Йоав Галант 2022 йилнинг декабридан буён Исроил мудофаа вазири лавозимида ишлаб келаётганди. Унинг вориси сифатида аввал Исроил Ташқи ишлар вазирлигини бошқарган Исраэл Кац тайинланди. Портфелсиз вазир Гидеон Саар Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари бўлди.
2023 йилда Нетаняҳу ҳукуматнинг суд-ҳуқуқ ислоҳотини кескин танқид қилгани учун Галантни ишдан бўшатган эди. Шундан сўнг Исроилда оммавий норозилик намойишлари бошланди ва икки ҳафта ўтгач, Галант қайта тикланди.
Мавзуга оид
23:30 / 05.11.2024
Бинямин Нетаняҳу Исроил мудофаа вазирини лавозимдан олди
16:18 / 05.11.2024
Исроилнинг уруш жиноятлари учун рамзий «Ғазо трибунали» тузилди
15:50 / 05.11.2024
Исроил армиясининг Ғазодаги йўқотишлари 781 кишига етди
15:10 / 05.11.2024