Жаҳон | 12:09
2454
4 дақиқада ўқилади

Трамп олдинда бормоқда. Сўнгги маълумотлар

Трамп ғалаба қозониш учун зарур бўлган 270 овоздан 267 тасини йиғиб бўлган.

Eloisa Lopez / Reuters / Scanpix / LETA

5 ноябр куни АҚШда президентлик сайловлари ўтказилди. Кураш республикачилар номзоди, 2017-2021 йилларда ҳам президентлик лавозимини эгаллаган Доналд Трамп ҳамда амалдаги вице-президент, Демократик партия вакили Камала Ҳаррис ўртасида кечди.

Президентлик пойгасида яққол фаворит йўқ эди. Экспертлар иккала номзод ҳам ғалаба учун тенг имкониятга эгалигини айтишаётганди. Сайлов натижаси одатдагидек иккиланувчи штатларда ҳал бўлиши керак, бу ҳудудлардаги сайловчиларнинг позицияси ўзгарувчан, улар сайловларда гоҳ республикачиларни қўллаган, гоҳ демократларни.

Бундай штатлар еттита — Пенсилвания, Жоржия, Шимоли Каролина, Невада, Аризона, Мичиган ва Висконсин.

Ғалаба қозониш учун номзодлардан камида 270 делегат овозини ўзиники қилиши талаб этилади, «иккиланувчи» штатларда ғолиб бўлмасдан, бу сонга эришиб бўлмайди. CNN телеканали сайлов учун превюсида Ҳаррис азалдан демократларни қўллаб келадиган штатларда ғалабага эришиб, жами 226 овоз олиши, Трамп ҳам республикачиларга содиқ ҳудудлардан 219 овоз тўплашини айтиб ўтган.

«Иккиланувчи» штатларда эса жами 93 овоз учун кураш кечади. Мичиган, Жоржия, Аризона ва Висконсиндаги ўнлаб сайлов участкаларида овоз бериш куни портлаш хавфи тўғрисида хабарлар олинди. Бу хабарлар ёлғон бўлиб чиқди, аммо Жоржияда бундай хабарлар туфайли сайлов участкалари тахминан бир соатга ёпиб қўйилди.

Жоржия штати давлат котиби Брэд Раффенспергер бундай таҳдидлар «Россиядан» келганини айтди, лекин бундай хулосага келиши сабабини очиқламади. CNN нинг махсус хизматлардаги манбаси эса миналаштириш тўғрисидаги хабарлар Россия билан боғлиқлиги текширилишини айтган. Канал суҳбатдошининг сўзларига кўра, портлаш хавфи тўғрисидаги қарор Россия доменига эга почта сервери аккаунтидан келган. Шу билан бирга, телеканал электрон почта манзили сохта бўлиши мумкинлигини истисно этмаган.

Edison Research компанияси аксарият штатларда сайлов участкалари ёпилиши арафасида ўтказган экзит-поллар ҳал қилувчи штат Пенсилванияда (19 овоз) Трампнинг имконияти юқорироқ эканини кўрсатган (46 га қарши 47 фоиз).

Шимолий Каролина (48), Висконсин (47), Жоржия (49) ва Мичиганда (48) эса экзит-поллар Ҳарриснинг устунлигини, Аризонада эса кучлар тенглигини кўрсатаётганди.

Аммо овозларни ҳисоблаб чиқишдан кейинги натижалар экзит-пол маълумотларига мос келмади. Аввалига Америкадаги йирик нашрларнинг таҳлилчи жамоалари овозлар ҳисоблаб бўлинишидан анча олдин Трамп Шимолий Каролинада ғолиб бўлиши ҳақида хулосага келишди, кейин эса Жоржияда ҳам ғалабани унга беришди.

Тошкент вақти билан соат 12:00 га келиб Трамп ғалаба қозониш учун зарур бўлган 270 овоздан 267 тасини йиғиб бўлганди.

АҚШнинг кейинги президенти ким бўлишини ҳал қиладиган штатларда овозларни ҳисоблаб чиқиш қанча давом этиши маълум эмас. Камала Ҳарриснинг сайловолди штаби раҳбари Жен ОʼМэлли Диллон ходимларга «бироз ухлаб олиш»га кетишни таклиф қилган. Ҳаррис яқин вақтлар ичида тарафдорлари қаршисида чиқиш қилишни режалаштираётгани йўқ. Трамп эса Флоридада чиқиш қилишга тайёрланмоқда.

Мавзуга оид