Жаҳон | 20:49 / 11.11.2024
4017
2 дақиқада ўқилади

Беларус расман БРИКС бўйича шерик давлат мақомини олди

БРИКС бўйича шерик давлат мақоми — мамлакатга саммитларнинг махсус сессиялари ва БРИКС ташқи ишлар вазирлари йиғилишларида доимий иштирок этиш ҳуқуқини кафолатлайди.

Фото: mfa.gov.by

Беларус ташқи ишлар вазири Максим Риженков Россия элчиси Борис Гризловга мамлакатнинг БРИКСни тўлақонли шериги бўлишга тайёрлиги тўғрисидаги номани топширди. Номани топшириш маросими Беларус ташкилотнинг шериклик мақомини расман олганини билдиради, дейди республика ТИВ матбуот хизмати.

Россия президенти Владимир Путин номига йўлланган нома Беларус етакчиси Александр Лукашенко томонидан 5 ноябр куни имзоланган. Шу орқали республика ўзининг зарур стандартлар ва тамойилларга мувофиқлигини тасдиқлаган ҳамда БРИКС бўйича ҳамкор давлатларнинг кўрсатмаларига амал қилишга тайёрлигини билдирган.

БРИКС бўйича шерик давлат мақоми — мамлакатга саммитларнинг махсус сессиялари ва БРИКС ташқи ишлар вазирлари йиғилишларида доимий иштирок этиш ҳуқуқини кафолатлайди. Шунингдек, шериклар вазирлар даражасида ўтказиладиган бошқа тадбирларга, жумладан, савдо масалалари, миллий хавфсизлик вакилларининг учрашувлари ва парламент аъзолари форумларига ҳам таклиф қилиниши мумкин.

Октябр охирида Қозонда ўтказилган БРИКС саммитида Лукашенко мамлакат ташкилотнинг тўлақонли аъзоси бўлишга тайёр эканини маълум қилганди. Шунингдек, у ташкилот ҳозирча янги аъзолари қабул қилмаётганидан афсусда эканини билдирган.

БРИКС — иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти. 2001 йилда британиялик иқтисодчи Жим Онил жаҳон иқтисодини ўрганиш жараёнида бир гуруҳ катта давлатларда иқтисодий тизимли ўсишга эътибор бериб, шартли равишда БРИКС деб атайди (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой). 2010 йилда бунга ЖАР қўшилди, бугун ташкилотда тўққизта давлат бор.

2023 йил 23 август куни ЖАР президенти Сирил Рамапоса Аргентина, Эрон, Саудия Арабистони, Миср, Эфиопия ва Бирлашган Араб Амирликларига тўлақонли аъзо сифатида ташкилотга қўшилиш таклифи билдирилганини маълум қилганди. Кейинроқ Аргентина БРИКСга қўшилишдан бош тортган.

Жорий йилда эса Мянма БРИКСга қўшилиш ниятида эканини маълум қилган бўлса, Саудия Арабистони БРИКСга аъзолик таклифини рад этган эди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид