Жаҳон | 11:53 / 11.11.2024
1624
4 дақиқада ўқилади

Шолц Германия ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни Трамп билан муҳокама қилди

Германия канцлери АҚШнинг 47-президенти этиб сайланган Трамп билан илк телефон суҳбатини ўтказди. Расмий Берлиннинг таъкидлашича, икки давлат раҳбарлари Европада тинчлик ўрнатиш учун ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.

Фото: Jens Büttner/dpa/globallookpress

Германия канцлери Олаф Шолц 10 ноябр, якшанба куни кечқурун АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп билан илк расмий телефон мулоқотини ўтказди. Германия ҳукумати матбуот котиби Штеффен Ҳебештрайтнинг ОАВга маълум қилишича, давлат раҳбарлари Берлин ва Вашингтон ўртасидаги «кўп йиллик ҳамкорлик»ни давом эттиришни муҳокама қилишди.

Ҳебештрайтнинг сўзларига кўра, Шолц Трампни «икки давлат ҳукуматлари ўртасидаги ўнлаб йиллик муваффақиятли ҳамкорликни давом эттиришга» таклиф қилган. Суҳбат чоғида ҳар икки сиёсатчи «жорий геосиёсий масалалар»ни муҳокама қилди ва «Европага тинчликни қайтариш учун биргаликда ишлашга» келишиб олди, деди Ҳебештрайт. Шу билан бирга, Германия ҳукумати вакили Россия Федерациясининг Украинага қарши тўлиқ миқёсли уруши ҳақида тўғридан тўғри эслатиб ўтмади, америкалик сиёсатчи аввалроқ унга ечим топишга ваъда берган эди.

Қўнғироқ чоғида Шолц Трампни қайта сайлангани билан ҳам табриклади. Аввалроқ Германия ҳукумати раҳбари буни X ижтимоий тармоғида амалга ошириб, Берлин Вашингтон билан ҳамкорлик алоқаларини давом эттиришга умид қилаётганини таъкидлаган эди.

Берлин Трампдан Байденнинг ҳарбий ҳамкорлик ҳақидаги ваъдалари бажарилишини кутмоқда

Аввалроқ Германия канцлери ARD немис телеканали бошловчиси Карен Миозга билан суҳбатда АҚШнинг сайланган 47-президенти билан эҳтимолий ҳамкорликни муҳокама қилган эди.

«Менинг принципим ҳар доим, агар буни енгилроқ қилиб айтсам, шундай: хонада бўлганлар билан рақсга тушиш ва бу АҚШнинг бўлажак президентига ҳам тегишли», деди Шолц.

Канцлернинг сўзларига кўра, у Трамп Берлин ва Вашингтон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик бўйича Оқ уйнинг амалдаги раҳбари Жо Байден берган мажбуриятларни бажаришда давом этишига умид қилмоқда. Гап АҚШнинг Германияда узоқ масофали ракеталарни жойлаштириш нияти ҳақида бормоқда, бу жараён 2026 йилда бошланиши керак.

Трамп Берлинни танқид қилган ва ЕИдан товарларга катта божлар жорий этиш билан таҳдид қилган

Германия ва Қўшма Штатлар ўртасидаги ҳамкорлик, бошқа нарсалар қатори, Трамп танқид қилган ва ҳокимиятга келганида қайта кўриб чиқишга ваъда берган савдо муносабатларига ҳам тааллуқли. Америкалик сиёсатчи юқори импорт божлари ёрдамида Америка бозорига ҳар қандай хорижий маҳсулотлар, биринчи навбатда, Хитойдан, шунингдек, Европа ва хусусан Германиядан киришини кескин чеклаш билан таҳдид қилганди.

Германия ишбилармон доираларида бундай баёнотлар жиддий қабул қилиняпти. Мюнхен Иқтисодий тадқиқотлар институти ifo томонидан АҚШда овоз беришдан бироз олдин ўтказилган сўров шуни кўрсатдики, немис саноат компанияларининг деярли ярми (44 фоизи) Трамп ҳокимиятга қайтса, салбий оқибатлардан хавотирда. IW Келн институти ҳам тадқиқотни тақдим этди, унга кўра Германия ялпи ички маҳсулоти, энг ёмон сценарийда, кейинги тўрт йил ичида 180 миллиард евро йўқотиши мумкин.

Бундан ташқари, Трамп АҚШнинг НАТОдаги ҳамкорлари билан муносабатларини қайта кўриб чиқишга ваъда берди, ҳатто Вашингтоннинг Шимолий Атлантика алянсидан чиқиши билан таҳдид қилди. Америкалик сиёсатчи биринчи президентлик давридан буён шундай баёнотлар бериб келмоқда — бунга НАТОнинг кўплаб мамлакатлари мудофаа алянси кўрсатмаларида кўрсатилганидек, ҳарбий харажатлар учун ЯИМ икки фоизини ажратмаётгани сабаб бўлди.

ARD эфирида чиқиш қилган Шолц ўшандан бери НАТОга аъзо давлатларнинг ҳарбий бюджети билан боғлиқ вазият ўзгарганини таъкидлади. Шу тариқа, Германия охирги пайтларда мудофаага ялпи ички маҳсулотнинг зарур бўлган икки фоизини сарфламоқда ва 2024 йилда бу меъёрдан ҳам ошиб кетади.

Мавзуга оид