Жамият | 12:28 / 11.11.2024
6106
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ноқонуний ташқи рекламаларни олиб ташлаш бўйича рейд ўтказилди

Ўтказилган рейдларда Миробод туманида 120 дан ортиқ баннер олиб ташланди. Шунингдек, Чилонзор ва Яккасарой туманларида ҳам демонтаж ишлари олиб борилди.

Фото: Яккасарой тумани ҳокимлиги

11 ноябр куни Тошкентда ноқонуний ташқи рекламани олиб ташлаш бўйича рейд ўтказилди, дея хабар берди Spot бир нечта туман ҳокимликларига таяниб.

Миробод туманида Шаҳрисабз, Ислом Каримов, Нукус ва Фарғона йўли кўчаларидаги 120 дан ортиқ реклама баннерлари ва тахталари демонтаж қилинди. Рейд туман ҳокимлиги ходимлари томонидан ўтказилди.

«Тадбир давомида ўрнатилган реклама конструкцияларининг амалдаги меъёрларга мувофиқлиги синчковлик билан текширилди», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Яккасарой туманининг Бобур ва Нукус кўчаларидаги 16 қаватли уйнинг олд томонида жойлашган реклама баннери демонтаж қилинди. Олиб ташлаш тўғрисидаги қарор аҳоли мурожаатлари асосида ўрганилиб, ваколатли органлар томонидан қабул қилинди.

Бундан ташқари, кўча ва магистрал йўллар четида жойлашган ноқонуний реклама конструкцияларини демонтаж қилиш бўйича рейд Чилонзор туманида ҳам ўтказилди.

Туман Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан кўп қаватли биноларнинг фасадларидан реклама баннерлари олиб ташланган.

Худди шундай рейд Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида ҳам ички ишлар органлари ходимлари иштирокида ўтказилди.

Пойтахтнинг бошқа туманлари ҳокимликлари рейдлар ҳақида хабар бермаган. Тошкент шаҳри ҳокимлиги текширув ўтказилганига изоҳ бермади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид