Жаҳон | 14:30 / 12.11.2024
4647
4 дақиқада ўқилади

РФ хавфсизлик кучлари Испанияда учувчини ўлдирганликда гумонланмоқда

CBS телеканалига кўра, Украина орқали Испанияга қочиб кетган россиялик учувчи Максим Кузминовнинг ўлдирилиши ортида россиялик полиция полковниги ва собиқ КГБ зобити турган бўлиши мумкин.

Фото: Kirill Chubotin/Ukrinform/abaca/picture alliance

Украина орқали Испанияга қочган россиялик ҳарбий учувчи Максим Кузминовнинг ўлдирилишида Россиянинг икки фуқароси иштирок этган бўлиши мумкин — собиқ КГБ зобити ва унинг қариндоши, россиялик полиция полковниги. Бу ҳақда Американинг CBS телеканали 10 ноябр, якшанба кунги «60 дақиқа» кўрсатувида испан терговидаги манбаларга таяниб хабар берди. Телеканал эҳтимолий жиноятчиларнинг исмларини келтирмади.

Худди шу дастурда The Insider суриштирув нашри муҳаррири Майкл Вайс Кузминов рус ўқ-дорилари билан отиб ўлдирилганини хабар қилди. Вайснинг сўзларига кўра, бу Кремл суиқасдни айнан ким амалга оширганини ҳамма билишини исташидан далолат беради. Аввалроқ The New York Times газетаси жиноят жойидан Макаров тўппончаси учун 9 миллиметрли патронлар гилзалари топилганини ёзган эди.

Испанияда учувчи Максим Кузминовнинг ўлдирилиши

2024 йил февралида Россия армияси авиациясининг 319-алоҳида вертолёт полки учувчиси Максим Кузминов Испанияда номаълум шахслар томонидан ўлдирилган. У Украина орқали мамлакатга кирган ва Украинада эса, ўз навбатида, 2023 йил сентябр ойида Курск областидан Россиянинг Ми-8 ҳарбий вертолётини ўғирлаган.

Украина матбуотига кўра, Кузминовнинг ўзи мамлакат разведка хизмати билан боғланган ва бир марта жанговар зонада бўлганида, Ми-8 самолётида паст баландликда Украина ҳудудига учган. Бунинг учун унга хавфсизлик кафолатлари ва пул мукофоти ваъдаси берилган. Ўз навбатида, Россия давлат ОАВ бортда учувчидан ташқари штурман ва жанговар техник ҳалок бўлганини хабар қилди.

CBS телеканали маълумотларига кўра, маҳаллий ҳукумат энди Кузминовнинг ўлдирилиши бўйича тергов олиб бормаяпти, ишни Испания фуқаролик гвардиясига топширган.

«Максим Кузминов»нинг қотилликдан кейинги суратлари

Максим Кузминов ўлдирилганидан беш ой ўтгач, интернетда унга ўхшаш одамнинг фотосуратлари пайдо бўлди. «60 дақиқа» нашрига кўра, суратдаги эркак россиялик қочоқ сифатида грим қилинган Украина разведкаси ходими бўлган.

«Украиналиклар катта эҳтимол билан ўзларининг дезинформацион кампаниясини олиб боришган ва русларни ўз ўйинларида мағлуб этишга ҳаракат қилишган. Уларнинг мақсади дунёни Кузминов суиқасддан омон қолган ва ҳали ҳам Украина учун ишлаяпти деб ўйлашга ундаш эди — бу бошқа россияликлар учун сигналдир, агар улар ҳам қочишса, хавфсиз бўлиши ҳақида», дейилади CBS телеканалида. Ҳақиқий Максим Кузминов, журналистларнинг айтишича, Испания жанубидаги номаълум қабрга дафн этилган.

Максим Кузминовга таҳдидлар

2023 йил октябр ойида «Россия 1» телеканали Кузминовга бағишланган сюжетни намойиш этди, унда ўзларини Россия Федерацияси Қуролли кучлари Бош штаби Бош бошқармаси (собиқ ГРУ) махсус бўлинмалари жангчилари деб таништирган кишилар «у судгача тирик қолмаслиги» ҳақида айтишган. Россия Федерацияси Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкиннинг Кузминовга йўллаган баёнотлари ҳам оммавий ахборот воситаларида эсга олинади: «Бу хоин ва жиноятчи ўзининг ифлос ва даҳшатли жиноятини режалаштираётган пайтда ахлоқий жасадга айланиб бўлди».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид