Жаҳон | 11:54 / 14.11.2024
1918
3 дақиқада ўқилади

«Донолар кенгаши» ГФРнинг 2024 ва 2025 йиллар учун ЯИМ прогнозини пасайтирди

Иқтисодчиларнинг прогнозларига кўра, Германия ялпи ички маҳсулоти 2024 йилда аввал кутилганидек 0,2 фоизга ўсмасдан, 0,1 фоизга камаяди. 2025 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 0,9 фоиз ўрнига 0,4 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда.

Фото: Canva

Германия ҳукумати ҳузуридаги Иқтисодий экспертлар кенгаши мамлакат иқтисодиётининг ривожланиши бўйича ўз прогнозларини пасайтирди. 13 ноябр, чоршанба куни эълон қилинган «Донолар кенгаши» йиллик ҳисоботида Германия ялпи ички маҳсулоти жорий йилда 0,1 фоизга қисқариши, келгуси йилда эса атиги 0,4 фоизга ўсиши қайд этилган. Май ойида экспертлар 2024 йилда 0,2 фоиз, 2025 йилда эса 0,9 фоиз ўсишни башорат қилган эди.

Ҳисоботда айтилишича, Германияда иқтисодий ривожланишнинг доимий заиф суръатлари, биринчи навбатда, ишлаб чиқариш ҳажми ва ишлаб чиқариш секторидаги қўшилган қийматнинг пасайиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. «Ишлаб чиқариш саноатининг заифлиги ва доимий паст иқтисодий ўсиш Германия иқтисодиёти ҳам таркибий, ҳам циклик омиллар томонидан ушлаб турилганидан далолат беради», деб тушунтирди кенгаш раиси Моника Шнитцер.

Шу билан бирга, Германия ҳукуматининг иқтисодий маслаҳатчилари инфляция суръатлари сезиларли даражада пасайишини тахмин қилмоқдалар. 2024 йилда истеъмол нархлари ўртача 2,2 фоизга ошиши кутилмоқда, бу эса баҳорги прогнозлардан 0,2 фоиз пунктга паст. Ҳисоботга кўра, 2025 йилда нархларнинг ўсиши 2,1 фоизгача секинлашади. Асосий инфляция 2024 йилда 3,0 фоизни, 2025 йилда эса 2,6 фоизни ташкил этиши прогноз қилинмоқда.

Германияда Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш ғоясини қўллаб-қувватлаш пасаймоқда

Украинага ҳарбий ёрдамни маъқуллаган Германия аҳолиси сони бироз камайди. 12 ноябр куни Германиянинг Кёрбер номидаги жамғарма буюртмаси бўйича Verian институти томонидан эълон қилинган сўров натижаларига кўра, ҳозир немисларнинг 57 фоизи бундай қўллаб-қувватлаш тарафдори. Бу ўтган йилга нисбатан тўққиз фоизга кам. Шу билан бирга, респондентларнинг 45 фоизи Украинадаги урушни энг катта геосиёсий муаммо деб билади.

Респондентларнинг қарийб ярми (47 фоизи) Украина қўшни давлат томонидан босиб олинган барча ҳудудларни қайтармагунча курашни давом эттириши тарафдори. Шу билан бирга, респондентларнинг 43 фоизи Киев халқаро тан олинган ҳудудининг бир қисми билан хайрлашиши ва шу орқали урушни тугатишга ҳаракат қилиши керак, деб ҳисоблайди.

Украинадаги уруш масаласида Германиянинг ғарбий ва шарқий ҳудудлари ўртасида сезиларли фарқ бор. Шундай қилиб, шарқда ҳудудлардан воз кечиш ғоясини 52 фоиз, кейинги кураш ғоясини эса 38 фоиз қўллаб-қувватлади. Ғарбда бу масалаларни қўллаб-қувватлаш мос равишда 40 ва 49 фоизни ташкил этди.

Мавзуга оид