Жаҳон | 14:00 / 14.11.2024
1342
2 дақиқада ўқилади

ХДИ раҳбари Мерц Германия сиёсатини тубдан ўзгартиришни талаб қилмоқда

Берлин бир қатор жабҳаларда ўз сиёсатини тубдан ўзгартириши керак, деди ХДИ раҳбари Фридрих Мерц. Хусусан, у Германия иқтисодиётининг рақобатбардошлигини тиклаш учун ҳамма нарсани қилишга чақирди.

Фото: Lisi Niesner/REUTERS

Мухолифатдаги Христиан-демократик иттифоқдан (ХДИ) Германия канцлери лавозимига номзод Фридрих Мерц Германия сиёсатини тубдан ўзгартириш зарур деб ҳисоблайди. Мерц 13 ноябр, чоршанба куни Германия канцлери Олаф Шолцнинг ҳукуматга баёноти муҳокамаси чоғида «Германия, айниқса, миграция, ташқи, иқтисодий ва хавфсизлик сиёсати соҳаларида тубдан бошқача йўналишга муҳтож», деди.

Христиан-демократлар партияси раиси мамлакатнинг ёмон иқтисодий кўрсаткичларига тўхталар экан, немис иқтисодиётининг жаҳон миқёсида рақобатбардошлигини тиклаш учун энди ҳамма нарсани қилиш кераклигини таъкидлади. Бундан ташқари, унинг таъкидлашича, энергетика сиёсати ва «ортиқча бюрократия» муаммоларини тез ва чуқур ҳал қилиш керак.

ХДИ раҳбари, шунингдек, Берлиннинг миграция сиёсатини кучайтиришга чақирди: Германияга ноқонуний миграциянинг юқори ўсишини тўхтатиш, айрим ҳолларда оилаларни бирлаштиришни тўхтатиш ва қочқинлар ҳамда муҳожирларни Германия чегараларида ортга қайтариш.

«Сиз энди ҳеч қандай шарт қўя олмайсиз», деди у Олаф Шолцга қарата. У социал-демократлар ва «яшиллар» ҳукумати энди Бундестагда кўпчиликка эга эмаслигини таъкидлаб: «Биз сизнинг қулаган ҳукуматингиз учун захира ўйинчиси эмасмиз», деди.

Шу билан бирга, Фридрих Мерц ХДИ/ХСИ консерватив фракцияси Федерал конституциявий судни кучайтиришга қаратилган Асосий қонунга ўзгартириш киритишни қўллаб-қувватлашига ваъда берди.

Мавзуга оид