Жаҳон | 23:35 / 15.11.2024
3564
2 дақиқада ўқилади

Франция прокуратураси маданият вазирини судга топширишни талаб қилди

Рашида Дати Renault—Nissan алянсининг собиқ раҳбари Карлос Гон билан тил бириктириб, ўз мавеқини суиистеъмол қилганликда гумонланмоқда.

Фото: Le Monde

Франция Миллий молия прокуратураси Renault—Nissan алянсининг собиқ раҳбари Карлос Гон ҳамда мамлакат маданият вазири Рашида Датига нисбатан жиноий иш қўзғатиш бўйича сўров йўллади. Le Figaro’нинг ёзишича, прокуратура уларни коррупция ва шахсий мақсадлар йўлида хизмат мавқеидан фойдаланишда айбламоқда.

Идоранинг қайд этилишича, Renault—Nissan юрисконсулти ва Европарламент депутати сифатида фаолият юритган Рашида Дати 2010 йилдан 2012 йилгача автомобил алянсининг шуъба корхонаси ҳисобланучи RNBV компаниясидан 900 минг евро олган.

Прокуратурага кўра, Рашида Дати қўлга киритилган маблағлар эвазига ҳеч қандай иш қилмаган ва бу пуллар Европарламентдаги лоббистик фаолияти учун тўлов бўлган бўлиши мумкин. Шу орқали Рашида Дати халқаро ташкилотда ишловчи фуқаро сифатида жамоатчилик ишончи ва ўз мавеқини суиистеъмол қилган.

Карлос Гон мазкур иш бўйича 2023 йил апрелдан бери халқаро қидирувда. 2018 йили молиявий фирибгарликлар иши туфайли Япониядан қочиб кетган бизнесмен ҳозирда Ливанда.

Рашида Дати ҳам, Карлос Гон ҳам Франция Миллий молия прокуратураси томонидан илгари сурилган айбловларни рад этмоқда. Датининг адвокатларини таъкидлашича, «прокуратура мазкур иш бўйича фақат ўз тасаввурини баён қилган, аммо у ҳақиқатни англатмайди».

Японияда молиявий фирибгарликларда айбланган Гон 2018 йил кузида ҳибсга олиниб, 2019 йил мартида гаров пули эвазига озодликка чиқарилганди. Унга Японияни тарк этиш ва рафиқаси билан мулоқот қилиш тақиқланган эди. У Японияда 80 млн долларлик даромадни яширишда айбланган. Ўша йилнинг 31 декабр куни Франция, Бразилия ва Ливан фуқаролигига эга бўлган Гон Ливанга қочиб келишга муваффақ бўлган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид