Жаҳон | 14:00
2542
17 дақиқада ўқилади

Гуржистонсиз 30 йил: Абхазия ва Жанубий Осетия қандай яшамоқда?

Бугун Абхазия ва Жанубий Осетия Гуржистондан айро яшамоқда. Бу икки ҳудуд СССР парчаланиб кетгач Тбилисига қарши бош кўтарган ва қуролли можаролардан сўнг ўзларини мустақил деб эълон қилганди. Орадан 30 йилдан ошиқроқ вақт ўтди. Бу давр мобайнида ҳар икки республика обод ва бой маскандан боқиманда ҳамда хароб ўлкага айланди.

Шу кеча-кундузда Абхазияда яна ҳукуматга қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда. Абхазлар республика парламенти Россия билан инвестиция билан келишув ратификация қилинишига қарши чиқмоқда.

Намойишчилар республика пойтахти Сухуми шаҳрида юк машинаси ёрдамида парламент биносига кириш дарвозасини бузишган ва ичкарига киришган.

Бундан олдинги йирик намойишлар 2023 йил декабрда бўлиб ўтганди. Ўшанда Абхазия Пицунда деб аталувчи жойни Россияга бериб юборган ва аҳоли бунга қарши чиққанди.

Ўзаро шартномага кўра Россия совет даврида давлат аҳамиятига эга бўлган далаҳовлилар ва санаторийлар жойлашган Пицундани нол қийматда ҳеч қандай тўловларсиз 49 йилга ижарага олганди.

Пицунда Абхазиянинг энг баҳаво ҳудудида жойлашган

Пицунда Россияга берилар экан, ижтимоий тармоқларда россияликлар ва абхазиялар ўртасида кескин баҳслар бўлди. Шунда россияликлар:

«Шунча йилдан буён Россия сизларни боқиб келди. Давлат ташкилотларида ишлайдиганларга маошлар, қарияларга пенсияларни тўлади. Энди озгина ер берилишига қарши чиқиб «раҳмат» айтяпсизларми?» – қабилида изоҳлар ёзишди.

Бунга жавобан абхазияликлар «Россия ҳар доим холис дўстлигини айтиб келгани, агар бир кун келиб ўша ёрдам ҳисобига ер олишини айтганда, ёрдам пулларини олмаган бўлиши»ни айтиб жавоб беришди.

Хўш, нега совет даврида гуллаб-яшнаган ва одамларнинг турмуш даражаси жуда юқори бўлган Абхазия Гуржистондан ажралиб чиққандан сўнг хароб ва боқимандага айланди? Қуйида шу ҳақда сўз юритамиз.

Совет даврида гуллаб-яшнаган ва кейин хароб бўлган ўлкалар

СССР даврида Гуржистон таркибида бўлган Абхазия ва Жанубий Осетия мамлакатнинг энг обод гўшаларидан бири эди.

Бири Қора денгиз бўйида, иккинчиси Гуржистон шимолидаги баҳаво тоғ ўрмонлари билан қопланган ҳудудда жойлашган бу икки ўлкада кўплаб элит санаторийлар, дам олиш уйлари ва пансионатлар бор эди.

У ерларга оддий одамлар бора олмас, асосан турли даражадаги раҳбарлар ва яхши даромадга эга бўлган, ўзига тўқ инсонлар бориб дам оларди.

Қазилма бойликлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ошиқча ери бўлмаган бу икки ҳудуд аҳолиси асосан хизмат кўрсатиш соҳасида ишлар ва шунинг ортидан яхши турмуш кечирарди.

"Грузия" санаторияси, 1980-йиллар
mapio.net

Аммо СССР тарқаб кетгандан сўнг ҳар иккала ҳудуд Гуржистондан бир томонлама ажралгач вазият ўзгарди. Нотинчлик туфайли Абхазия ва Жанубий Осетияга кам сонли россияликлардан ташқари ҳеч ким келмай қўйди.

Оқибатда, совет даврида қурилган санаторийлар, пансионатлар, далаҳовлилар ва дам олиш уйлари қаровсиз қолиб ярим вайронага айланди ва аҳолининг турмуш даражаси тушиб кетди.

Анча йиллардан буён Абхазия ва Жанубий Осетия аҳолиси Россиядан оладиган ёрдам ҳисобига яшамоқда. Жумладан, ҳар икки республикада бюджет ташкилотларида ишлайдиганлар маоши, пенсия ва турли нафақалар Россия ажратаётган маблағлар ҳисобидан тўлаб келинмоқда.

Абхазия ва Жанубий Осетияда юз бериб келаётган иқтисодий қийинчиликлар ортидан бу икки республика аҳолиси Россия ва бошқа давлатларга кўчиб кетган. Бу жараён ҳанузгача давом этмоқда.

Халқимизда «Бир кун жанжал бўлган жойда қирқ кун барака бўлмайди» деган нақл бор. Абхазия ва Жанубий Осетия бир томонлама Гуржистондан ажралиб чиққанини эълон қилиши ортидан оғир вазиятга тушиб қолди.

"Грузия" санаторияси ҳозир ташландиқ ҳолга келиб қолган
dzen.ru

Агар СССР парчаланиб кетгандан сўнг содир бўлган сиёсий жараёнларга қаралса, бир томонлама мустақиллик эълон қилиб оғир вазиятга тушган фақат Абхазия ва Жанубий Осетия эмас.

Молдова шарқидаги тан олинмаган Днестрбўйи республикаси, Озарбойжондаги Тоғли Қорабоғ республикаси ҳам узоқ йиллар оғир иқтисодий қийинчиликлар билан яшади.

(2020 йилда Озарбойжон ва Арманистон ўртасида 44 кунлик уруш бўлиб ўтди ва озарлар Тоғли Қорабоғни ўз назоратига қайтарди. Энди бу ҳудудга жуда катта сармоя киритилиб, инфратузилма тикланяпти.)

Мустақил Гуржистон ва ундан ажралиб чиқиш учун ҳаракатлар

1990 йилда СССР таркибига кирувчи иттифоқдош республикалар мустақил бўлиш учун ҳаракат бошлайди. Шу жумладан Гуржистонда ҳам 1990 йил 28 октябр куни кўппартиявийлик асосида парламент сайловлари ўтказилади. Унда Гуржистонни мустақил қилишни мақсад қилган Озод Гуржистон ҳаракати ғалаба қозонади.

Шундан сўнг Гуржистонда барча давлат рамзлари алмаштирилади. Давлатнинг номи Гуржистон ССРдан Гуржистон демократик республикаси деб ўзгартирилади.

1991 йил 31 март куни Гуржистонда 1918 йилда қабул қилинган Мустақиллик Акти бўйича мамлакатнинг мустақил бўлиши масаласида референдум ўтказилади. Унда қатнашганларнинг 98,93 фоизи мустақилликни ёқлаб овоз беради.

1991 йил 9 апрел куни республика олий совети Гуржистон мустақиллиги ҳақида актни қабул қилади.

Ана шу кунларда мамлакат таркибида бўлган Абхазия ва Жанубий Осетия Гуржистондан ажралиб чиқишини маълум қилади. Ўртада қуролли можаро бошланади.

1991 йил август ойида СССРда давлат тўнтариши амалга оширилади ва у муваффақиятсизликка учрайди. Иттифоқдош республикалар бирин-кетин ўз мустақиллигини эълон қилади.

Кўп ўтмай дунё давлатлари собиқ иттифоқ республикаларининг, шу жумладан Гуржистоннинг ҳам мустақиллигини тан ола бошлайди.

1991-1992 йилларда содир бўлган қуролли можароларда Россия зимдан Абхазия ва Жанубий Осетияни қўллайди. Айирмачиларга ҳарбий ёрдам кўрсатади. Шундан сўнг, расмий Тбилиси Абхазия ва Жанубий Осетия устидан ўз назоратини йўқотади.

Бунгача Гуржистондаги Абхазия ва Жанубий Осетия можароларидан ташқари, яна бир нечта республикада айирмачилик ва этник можаролар содир бўлади.

Жумладан, Озарбойжонга тегишли Тоғли Қорабоғда Озарбойжон ва Арманистон ўртасида, Принестровьеда Молдавия таркибида бўлишни хоҳламаган кучлар ҳукуматга қарши қурол кўтариб чиқишади.

Ушбу можаролар содир бўлган ҳудудларнинг барчасига Россия тинчликпарвар кучлар ниқоби остида ўз қўшинларини киритади. (Уларнинг аксарияти ҳанузгача сақланиб қоляпти.)

Абхазиядаги Россия армияси
apsnypress.info

Абхазия ва Жанубий Осетия

1992 йилда Абхазия ва Жанубий Осетия ўз мустақиллигини эълон қилади. Гуржистон ўз таркибидаги бу ҳудудларнинг республиканинг мустақил бўлиб кетишига рози эмасди. Шу тариқа ўртада қуролли можаролар юзага келади.

Икки йилдан ошиқроқ давом этган уруш 1994 йил 14 май куни Москвада томонларнинг тинчлик битимини имзолаши билан якун топади. Шундан сўнг Абхазияга тинчликпарвар кучлар ниқоби остида Россия ҳарбийлари киритилади.

Ҳар йили 27 сентябр Гуржистонда Абхазия йўқотилган кун сифатида эсланади. Бу бежизга эмас. 1993 йил 27 сентябр куни Гуржистон Миллий гвардия қўшинлари узил-кесил Абхазия устидан назоратни бой берган.

Ўшанда сўнгги жанглар 13 ой ва 13 кун давом этган, Россиядан ҳарбий ёрдам олиб турган абхазлар Гуржистон миллий гвардияси ходимларини ўз ҳудудидан сиқиб чиқарганди.

Жанубий Осетиянинг тақдири ҳам Абхазияникига ўхшаш кечади. 3-4 йил давомида Гуржистон билан қуролли можарога борган осетинлар 1995 йилда ўлка маъмурий маркази Цхинвали шаҳрида ЕХҲТ ва Россия иштирокида ўзаро келишувни имзолайди.

Жанубий Осетиядаги Россия армияси

Келишувга кўра, Гуржистон Жанубий Осетияни куч билан бўйсундириш, Жанубий Осетия эса Гуржистон таркибидан ажралиб чиқиш ҳақидаги қарорларни бекор қилишади.

Шундан сўнг Гуржистон ва Жанубий Осетия раҳбарлари бир неча марта учрашиб, ўлканинг Гуржистон таркибида қолиши ва унга мухторият ҳуқуқи берилишини муҳокама қилишади. Турли келишувларга эришилади.

Аммо Россия тинчликпарвар кучлари жойлаштирилган Жанубий Осетия келишувларни доимий равишда бузиб келади ва охир-оқибат Гуржистон таркибига қайтмаслигини маълум қилади.

08.08.08. Гуржистон-Россия уруши

Жанубий Осетияга доир муҳим воқеа 2008 йилда содир бўлади. Ўша йили 7 август куни Гуржистон ҳарбийлари ўзини мустақил деб эълон қилган Жанубий Осетия пойтахти Цхинвалини эгаллайди.

8 август куни ўз фуқароларини ҳимоя қилиш баҳонаси билан Россия ҳарбийлари Гуржистонга бостириб киради. Уч кун давом этган урушда Гуржистон енгилади. Ўшанда Гуржистонда демократик ислоҳотлар ўтказган Михаил Саакашвили мамлакат президенти эди.

Уруш тугагач, Россия Жанубий Осетия ва Абхазияни ҳам мустақил давлат деб тан олади. Шундан сўнг ҳар икки республика Россияга қарам ҳудудга айланади.

2008 йилда содир бўлган урушгача ва ундан кейин ҳам Жанубий Осетия ва Абхазия республикалари аҳолисига Россия паспортлари тарқатилмоқда.

2008 йилдаги урушда Россия армияси Тбилиси яқинигача эгаллаб борган
flickr.com

Хароба бўлган ва боқимандага айланган айирмачилар

Абхазия ва Жанубий Осетия ўзини мустақил деб эълон қилганига 30 йилдан ошяпти. Бу икки республика Гуржистондан бир томонлама ўз мустақиллигини эълон қилиб гуллаб-яшнаб кетмади.

Аксинча, кўп нарсаларни бой берди. Айниқса, «мустақиллик»дан Абхазия жуда катта зарар кўрди. Республиканинг сайёҳлик тизими бутунлай «ўтириб» қолди. Одамлар ишсизга айланди.

Совет даврида коммунистик партиянинг юқори лавозимли амалдорлари дам олган санаторийлар, пансионатлар ва бошқа дам олиш жойлари ярим вайронага айланди.

Ҳатто, Абхазияга бемалол кириб-чиқиши мумкин бўлган россияликлар ҳам дам олиш учун бу республикага келмайди. Тўғри-да, ярим вайронага айланган жойларга ким ҳам келарди?!

Абхазиядаги ташландиқ санатория. Совет даврида бу ерда юқори лавозимли амалдорлар дам олган
hotelbeliving.ru

Қолаверса, Абхазия ва Жанубий Осетия ўзини мустақил деб эълон қилгани билан том маънода мустақил бўлгани йўқ. Аксинча, Гуржистондан ажралиб чиқиб, бир томонлама мустақиллик эълон қилгани билан Россияга сиёсий ва иқтисодий қарамга айланди.

Бу худди қордан қутулиб, дўлга тутилишга ўхшайди. Бугун ҳар икки республика тўлиқ дотацияда ўтирибди ва Россиянинг ёрдами билан кун кўряпти.

Узоқ йиллардан буён Россия Абхазия ва Жанубий Осетияга ҳар йили ёрдам пулларини ажратиб келмоқда. Абхазлар ва жанубий осетияликлар ўша пуллар ҳисобидан яшамоқда.

Бюджет тизимида ишловчиларнинг маошлари, пенсия ва нафақа каби ижтимоий тўловлар ўша пуллар ҳисобидан тўланмоқда.

Бироқ, 2022 йил 24 феврал куни Россия Украинага бостириб киргандан сўнг вазият тамомила ўзгарди. Ғарб санкциялари туфайли Россиянинг ўзи иқтисодий муаммоларга дуч келяпти.

Абхазиядаги ташландиқ пансионат биноси (ўртадаги баланд бино)
pikabu.ru

Бундай шароитда Россия Абхазия ва Жанубий Осетияга ёрдам бера олмаслиги кундай равшан эди. Шу сабабли ҳам уруш бошлангандан сўнг бир неча кун ўтиб, Россияда Абхазия ва Жанубий Осетияга бериладиган ёрдам миқдорини кескин камайтириш ҳақида гапира бошлашди.

2022 йил февралдан кейин Абхазия учун яна бир кўнгилсиз иш содир бўлди. Россия томони Абхазияга ошиқча пул бериб юборганини даъво қилиб, уни қайтаришни сўрамоқда.

Жумладан, 2023 йил 15 март куни Россия давлат Думасида шу масала кўриб чиқилган ва 2015 йилдан 2022 йил 30 июнгача 24,4 млн рубл ошиқча тўлангани маълум қилинган.

Бундан ташқари, 2025 йилдан бошлаб Россия Абхазиядаги бюджет ходимларига маош тўлашни тўхтатмоқчи. Агар бу иш амалга ошса, шундоқ ҳам қийин аҳволда яшаётган Абхазияда вазият баттар оғирлашади.

Сўнгги тадқиқотлар ва таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Абхазияда сўнгги 10-15 йилда ҳам ҳеч қандай маҳсулотлар ишлаб чиқарилмайди. Республикада етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари эса абхазларнинг ўзидан ортмаяпти.

Сайёҳлик тизими батамом ишдан чиқиб бўлган ва жуда оз сонли россияликларни айтмаганда республикага ҳордиқ чиқариш учун ҳеч ким келмайди.

Республика фақат истеъмолчига айланган ва маҳсулотлар тўлиқ хориждан олиб келинади. Оқибатда, Абхазиядан чиқиб кетаётган пул миқдори, Россия бераётган ёрдам ва шу давлатда ишлаётган абхазияликлар юбораётган пул миқдоридан ошиб кетган.

2023 йилда Пицунданинг Россияга бериб юборилишига қарши ўтказилган норозилик анмойиши
kavkaz-uzel.eu

Абхазияда иқтисодий вазиятнинг оғирлиги ҳар йил қиш фаслида яққол сезилади. Гарчи республика Қора денгиз бўйида, нисбатан илиқ иқлим ҳукм сурадиган ҳудудда жойлашган бўлса ҳам куздан баҳоргача электр энергияси таъминотида узилишлар бўлади.

Чунки республика ўз эҳтиёжларига яраша электр энергия ишлаб чиқара олмайди. Қўшнилардан сотиб олиш учун эса пул керак.

Таҳлилчиларга кўра, агар Абхазия ва Жанубий Осетия Гуржистон таркибида қолганида бугун Гаградаги ва Цхинвалидаги меҳмонхоналар, санаторийларга қушлар уя қурмаган ва уларга миллиардлаб доллар сармоялар киритилган бўларди.

Бугун кимсасиз ҳолда ҳувуллаб ётган жойлар европаликларнинг энг севимли дам олиш масканларига айланарди.

Бунга Гуржистондаги Батуми шаҳрини мисол қилиш мумкин. Ажария ҳам Абхазия ва Жанубий Осетияга ўхшаб Гуржистон таркибида автоном ҳудуд ҳисобланади.

Батуми шаҳри манзаралари
gites.fr

Бу республикада ҳам 2004 йилда Гуржистондан ажралиб чиқиш учун қуролли можаролар содир бўлди. Бироқ ҳукумат қўзғолонни бостиришга муваффақ бўлди.

Ўшанда айирмачилар етакчиси Ажария раҳбари Аслан Абашидзе Москвага қочиб кетди. Кўп ўтмай можаролар тинчиди ва республика жуда тез суръатларда ривожлана бошлади.

Бугун Ажария том маънода гуллаб-яшнамоқда. Сўнгги йилларда Қора денгиз бўйидаги дам олиш ҳудудларини ривожлантириш учун Батуми ва яна бир қатор шаҳарларга жуда катта хорижий сармоя кириб келди.

Ажариянинг ҳудуди 2 899 километр квадрат ва бу ерда бор-йўғи 370 минг аҳоли яшайди (Ўзбекистондаги ўртача битта туман аҳолиси). Бироқ республиканинг ялпи ички маҳсулот ҳажми 2016 йилдан буён ҳар йили қарийб 8 фоиздан ўсиб келмоқда.

2022 йилда Ажарияга 107 млн доллар тўғридан тўғри инвестиция кирган. 2021 йилда республика бюджети 307,4 млн лари (долларда 115 млн доллар атрофида бўлади) фойда кўрган.

Батуми шаҳри манзаралари
trip.com

Абхазияда 2023 йилда энг юқори маошлар (бу ерда Россия рубли амал қилади) молия соҳасида ишлаётганларга берилган – 36,9 минг рубл. Бошқаларда , сайёҳлик соҳасида – 24,5 минг, савдо соҳасида – 26 минг, қурилиш ва энергетика соҳасида – 22 минг, саноатда банд бўлганлар – 20 минг рубл, алоқачилар – 18 минг рубл бўлган.

Энг кам маош жамоат транспорти ҳайдовчилари 13,9 минг, илмий-ишлаб чиқариш соҳасида – 14,6 минг рублни ташкил этган. Агар 1 АҚШ доллар сўнгги пайтларда 90 рубл атрофида бўлаётгани инобатга олинса Абхазияда энг катта маош 35 доллар атрофида, энг кам маош эса 100 доллардан ошиқроқ эканини кўриш мумкин.

2023 йилда Абхазияда ўртача иш ҳақи республика маркази Сухуми шаҳрида 250 долларни, туманларда эса 10 минг рублдан 18 минг рублгача (110 доллардан 200 долларгача)ни ташкил этган.

Бу кўрсаткич Гуржистондаги вазият билан солиштирганда анча кам. Жумладан, 2023 йил маълумотларига кўра бу мамлакатда ўртача иш ҳақи 657 долларни (1 717 лари, 1 доллар 2,65-2,80 ларига тенг), пойтахт Тбилиси ва Батуми шаҳарларида бу кўрсаткич 1 000 долларни ташкил этган.

Очиқ маълумотлардан кўриниб турибдики, бугун оғир иқтисодий шароитда яшаётган абхазияликлар гуржистонликларга қараганда 5-6 баробар кам иш ҳақи олишади.

Абхазия пойтахти Сухуми шаҳри
alamy.com

Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллигини кимлар тан олган?

Википедия маълумотларига кўра, Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллигини Россия, Никарагуа, Венесуэла, Сурия ва Океанияда жойлашган Науру тан олган.

Халқаро сиёсатда бор-йўғи тўртта давлатнинг тан олиши амалда ҳеч нарсани англатмайди. Чунки шундай давлатлар борки, уларнинг мустақиллигини юзлаб давлатлар тан олган. Шунда ҳам улар БМТ ва шу каби халқаро ташкилотлар аъзоси эмас.

Масалан, Косово ва Фаластин. Фаластин мустақиллигини 150 га яқин, Косово мустақиллигини эса 100 та давлат тан олган. Шунда бу икки давлат халқаро ташкилотга тўлақонли аъзо бўла олмаяпти.

Харитада яшил рангда Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллигини тан олган давлатлар кўрсатилган

Шундан келиб чиқсак, келажакда Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллигини бошқа давлатлар тан олган тақдирда ҳам (бундай бўлиши ҳали амримаҳол) бу икки республика халқаро ҳамжамият билан интеграцияга кириша олмайди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид