Жаҳон | 19:40 / 17.11.2024
5856
2 дақиқада ўқилади

Олимлар дунёдаги чучук сув захиралари нега камайганини тушунтирди

Глобал чучук сув захираларининг қисқариши Бразилияда кенг тарқалган қурғоқчиликдан бошланган, сўнгра Осиё, Австралия, Жанубий Америка, Шимолий Америка, Европа ва Африкада бир қатор катта қурғоқчиликлар кузатилган.

Фото: Reuters

2014 йилдан бери дунёда чучук сув захиралари кескин камайди, дейилади халқаро олимлар гуруҳи ҳисоботида.

Тадқиқотчилар 2015 йилдан 2023 йилгача бўлган орбитал кузатув маълумотларини таҳлил қилишди. NASA сунъий йўлдошлари томонидан тўпланган маълумотлар шуни кўрсатдики, чучук сув, жумладан, дарёлар, кўллар ва ер ости булоқлари 2002-2014 йиллардагидан 1200 куб километрга кам.

Олимларнинг фикрича, глобал чучук сув захираларининг қисқариши Бразилияда кенг тарқалган қурғоқчиликдан бошланган, сўнгра Осиё, Австралия, Жанубий Америка, Шимолий Америка, Европа ва Африкада бир қатор катта қурғоқчиликлар кузатилган.

Қайд этилишича, тропик Тинч океанида сув ҳароратининг кўтарилиши атмосфера реактив оқимларининг ўзгаришига сабаб бўлган, бунинг оқибатида бутун дунё бўйлаб ёғингарчилик шакллари ўзгарган – улар энди тоза сув захираларини тўлдириш учун етарли эмас.

Олимларнинг таъкидлашича, кучли ёғингарчиликлар орасидаги узоқ танаффуслар тупроқнинг қуриб, қаттиқлашишига олиб келади. Бу ёғингарчилик пайтида ерга сўриладиган сув миқдорини камайтиради.

Таъкидланишича, глобал исиш Ердаги чучук сувнинг янада камайишига сабаб бўлади.

Мавзуга оид