Жаҳон | 09:53
2824
2 дақиқада ўқилади

Воронеж яқинидаги саноат корхонасига дронлар ҳужум қилди

Каменский районидаги объектда дрон ҳужуми натижасида ёнғин содир бўлди, аммо ҳеч ким жабрланмади, деди губернатор Гусев. Яна бир қанча минтақалар раҳбарлари дрон ҳужумлари ҳақида маълум қилди.

Фото: Efrem Lukatsky/AP Photo/picture alliance

Воронеж областининг Каменский районида учувчисиз учиш аппаратлари саноат корхонасига ҳужум қилди, деди минтақа губернатори Александр Гусев 19 ноябр, сешанба куни. Унинг сўзларига кўра, гап бештадан ортиқ дрон ҳақида кетяпти. Расмий қайси объектга зарба берилганига аниқлик киритмади, лекин у «фақат фуқаролик маҳсулотларини» ишлаб чиқаришини айтди.

Корхонада ёнғин содир бўлди, бироқ бир мунча вақт ўтгач, у ўчирилди, дея қўшимча қилди Гусев. Ходимлар эвакуация қилинди. Губернатор қурбонлар йўқлигига ишонтирди. Ҳудудда дрон ҳужумлари хавфи сақланиб қолмоқда, дея таъкидлади расмий.

Россиянинг бошқа ҳудудларига дронлар ҳужуми

19 ноябр оқшомида Россиянинг яна бир қанча минтақалари раҳбарлари учувчисиз учоқлар ҳужумлари ҳақида эълон қилди. Шундай қилиб, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Калуга области жанубида учувчисиз учоқларни йўқ қилмоқда, деди губернатор Владислав Шапша. Брянск областида кечқурун 36 та УУА уриб туширилди, дея таъкидлади вилоят раҳбари Александр Богомаз. У ҳужумда Украинани айблади. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Смоленск областида яна бешта, Курск, Орёл ва Ростов областларида биттадан учувчисиз учоқ йўқ қилинган.

Бундан ташқари, Белгород области шарқидаги Алексеевский райони узра бир нечта дрон уриб туширилди, деди губернатор Вячеслав Гладков. Алексеевка шаҳрида уларнинг қолдиқлари корхона ҳудудига тушиб, ишлаб чиқариш биноларига зарар етказган, дея тушунтирди у. Шунингдек, инфратузилма объекти ва электр узатиш линиясида ҳам шикастланиш аниқланган, шу сабабли бир қатор кўчаларда электр йўқ, дея қўшимча қилди расмий.

Мавзуга оид